Ўзбекистон аҳолиси йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 34 млн 191,7 минг кишини ташкил этиб, йил бошидан 286,5 минг кишига ўсган, дея хабар берди Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати.

Ярим йил ичида мамлакатда 365,2 минг нафар чақалоқ туғилган, 74,6 минг киши вафот этган. Муайян даврда кўчиб келганлар сони 78,8 мингга тенг бўлиб, кўчиб кетганлар эса 82,9 минг нафарни ташкил қилди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон аҳолисининг 17 млн 195,9 минг нафари эркаклар ва 16 млн 995,8 минг нафари аёлларни ташкил этган. Шу билан бир қаторда, жами аҳолидан 17 301,0 минг киши шаҳар жойларда ва 16 890,7 минг киши қишлоқ жойларда истиқомат қилмоқда.

Шунингдек, 6 ой мобайнида 75,5 мингта никоҳлар қайд этилган бўлса, 12,8 мингта ажрим ҳолатлари кузатилган.