Душанбадан чоршанбагача Республика ҳудуди атмосферадаги кучсиз ғарбий оқим ҳаракати таъсирида бўлади, натижада республикада об-ҳавонинг ўртача иссиқ ва мамлакат ҳудудининг катта қисмида қуруқ бўлиши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет.

Фақат тоғли ва тоғолди ҳудудларда, сешанба куни эса Фарғона водийсининг текислик ҳудудида айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати 35−38 даража бўлади, айрим жойларда 40 даражагача етади.

Пайшанба куни Волгабўйи ҳамда Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудлари устида баландликдаги циклон шаклланиши кутилмоқда, у жума, 31 июль ва августнинг биринчи кунларида бутун республика ҳудудидаги об-ҳавонинг шаклланишига таъсир кўрсатади.

31 июлда республиканинг барча вилоятларида айрим жойларга, 1−2 август кунлари тоғли ва тоғолди туманларга қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳарорат 33−36 даражагача пасаяди, бу июль охири — августнинг боши учун хос бўлган иқлимий меъёрларга яқиндир.

Баъзи кунларда республиканинг айрим ҳудудларида шамолнинг тезлиги секундига 15−20 метргача кучайиши мумкин.