Фарғона вилоятининг Қува туманида жойлашган «Каркидон» сув омбори ҳудудида туризм мақсадларида инвестиция киритиш шарти билан 5 гектар ер майдони савдога чиқарилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Ер участкалари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги экотуризмни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ сотувга чиқарилмоқда.

Сув омбори ҳудуди 12 та лотга ажратилган. Бу ерда меҳмонхона, мотель, дам олиш масканлари, кўнгилочар объектлар, ресторан, сув спорт объектлари, пляж зонаси ва пирс қурилиши кўзда тутилган. Мажуманинг умумий қиймати 27,8 млрд сўмни ташкил этиб, унда 100 нафарга яқин иш ўринлари яратилади.

Аукционга қўйилган участка ҳудуди «Тошкент-Ўш А-373» Фарғона-Андижон автомагистрали 4Р-112 йўлининг Қува туман марказига 12,7 км масофасида ва Фарғона шаҳридан 34,1 км масофада жойлашган.

Савдоларни 29 июлда якунига етказиш режалаштирилмоқда.