Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ЎзАга Олмазор туман ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси махсус топшириқлар бўйича инспектори подполковник Фаррух Холовники экани тасдиқланган аудиоёзув бўйича қўшимча маълумотлар изоҳ берди.

Унда қайд этилишича, вазифаларни шахсий таркибга нотўғри йўл билан етказганлиги учун раҳбар бўлмаган ва шахсий таркиб олдига вазифа қўйиш ваколатига эга бўлмаган Олмазор тумани ИИО ФМБ ходимига нисбатан хизмат текшируви белгиланган.

«Аудиоёзувдаги „режа“ сўзига тўхталсак. „Режа“ сўзини расмийлаштирилган баённомалар сони деб тушуниш нотўғридир. Ҳар қандай фаолиятда иш режаси зарур бўлади. Профилактика инспекторларининг иш режаси деганда аҳоли билан фуқароларнинг алоҳида тоифаси билан ишлаш режаси назарда тутилиб, мазкур режа ишониб топширилган маҳалла ҳудудидаги криминоген ҳолатдан келиб чиққан ҳолда мувофиқлаштирилади», — дейилади изоҳда.

Аввалроқ ИИО ходими фуқароларга нисбатан маъмурий баённома кам тузилаётганини қайд этиб, буни бартараф этиш учун ҳар бир профилактика инспектори турли моддалар бўйича 5 тадан маъмурий баённома тузиши бўйича топшириқ бергани акс этган аудиоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.