27 июль соат 11:30 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 20820 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 134 нафари Тошкент шаҳрида, 79 нафари Тошкент вилоятида, 22 нафари Бухоро вилоятида, 18 нафари Сирдарё вилоятида, яна 18 нафари Наманган вилоятида, 13 нафари Андижон вилоятида, 3 нафари Жиззах вилоятида ҳамда 2 нафари Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан 9598 киши даволанмоқда. Улардан 152 нафари оғир, 65 нафари ўта оғир аҳволда, дея баҳоланмоқда.

Айни пайтда мамлакатда 11105 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган.

Бундан ташқари, шу вақтга қадар COVID-19 асоратларидан вафот этган беморлар сони 117 нафарга етди.

Навбатдаги бемор ўлими Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшаган 65 ёшли Ш. Г. (эркак) бўлиб, у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинади.

Қайд этилишича, беморда 4 июлдан касаллик белгилари (тана хароратининг кўтарилиши, йўтал) бошланган. Унда «COVID-19» тасдиқлангач, Вирусология илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.

«Беморга „COVID-19“ инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир нафас етишмовчилиги, полиорган етишмовчилик асорати билан кечган. Шунингдек, беморда юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония каби ҳамроҳ хасталиклар ҳам бўлган», — дейилади хабарда.

Беморнинг аҳволи кескин оғирлашган ва юрак қон-томир етишмовчилиги, сатурация кўрсаткичининг пасайиб бориши, нафас олишининг қийинлашуви бўйича мутахассислар томонидан ўтказилган реанимацион чораларга қарамай ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.