Республика махсус комиссияси қарорига кўра, карантин чоралари 15 августга қадар узайтирилди.

Комиссия ахборотига кўра, 10 июлдан бир қатор карантин чекловларининг қайта кучайтирилиши ўзининг ижобий натижасини кўрсатиб, аҳоли орасидан коронавирус билан касалланганлар сони ўтган даврга нисбатан камайиш тенденциясига ўтди, шунингдек, касалликдан соғайганларнинг кунлик сони бўйича ҳам ижобий кўрсаткичга эришилган.

Шу муносабат билан халқаро тажриба, мамлакатнинг ҳамда хорижнинг етук олим ва мутахассисларининг тавсияларини инобатга олиб, шунингдек, мамлакатимизда коронавирус инфекциясидан зарарланиш занжирини узиш мақсадида Республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарори билан мамлакатда жорий этилган карантин чекловлари жорий йилнинг 15 августига қадар узайтирилди.

Карантин чекловлари амал қиладиган даврда қуйидагиларга қатъий этибор қаратиш белгиланди.

Давлат органлари ва ташкилотларига:

  • ходимларини хатловдан ўтказган ҳолда, иш жойига фақатгина зарур бўлган мутахассисларни бевосита жалб этишга рухсат берилганини инобатга олиб, қолган ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқаришни ёхуд масофадан туриб (онлайн) ишлашини ташкил этишга тўлиқ риоя этилишини таъминлаш;
  • ходимларини вақтинчалик хизмат сафарига юборишни тўхтатиш;
  • йиғилишларни фақатгина онлайн тарзида ташкил этиш;
  • ходимлар орасида коронавирус билан касалланганлар мавжуд бўлган тақдирда, улардан хабар олиш, даволаниш мақсадида зарур дори воситалари ва буюмларни харид қилиш учун ходимнинг шароитини инобатга олган ҳолда, моддий ёрдам ажратиш.

Фуқаролардан тўй, оилавий маросимлар ва бошқа тадбирларни ўтказмаслик ва жамоат жойларида, кўча, майдон ва маҳаллаларда уч кишидан ортиқ тўпланмаслик, қатъий ижтимоий масофани сақлаш (2 метр), тиббий ниқоблар ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш сўралмоқда.

Ёши катта ва муайян турдаги касаллиги (қандли диабет, метоболик синдромлари, аутоимун касалликлари, қон, юрак, томир касалликлари, онкологик касалликлар ва б.) мавжуд фуқароларга коронавирус касаллиги кучли таъсир кўрсатишини инобатга олиб, 65 ёшдан ошган фуқароларни «ўзини ўзи яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий риоя этиш ҳамда сабабсиз уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилди.

Қуйидаги фаолият турларини тўхтатиш бўйича чеклов жорий йилнинг 15 августига қадар узайтирилди:

  • парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар;
  • буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар;
  • спорт заллари, фитнес клуб, тренажер, бассейнлар;
  • умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона);
  • мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув курслари ва ҳар қандай тўгараклар;
  • санаторийлар (короновирус инфекциясидан даволанган ва реабилитация ўтаётган беморларга тиббий ёрдам ташкил этиладиган санаторийлардан ташқари), пансионатлар, болалар оромгоҳлари, хостеллар, меҳмон уйлари, пляжлар ва бошқа дам олиш масканлари;
  • сартарошхона ва гўзаллик салонлари;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситалари, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг кириши ва чиқиши (вилоятлараро қатнов) (Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно).

Шу билан бирга, фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, тест ва қон топшириш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон соғлиғига ва ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун махсус рухсатномалар талаб этилмаслиги белгиланди ва шу муносабат билан мутасаддиларга мазкур ҳолатларда фуқароларнинг автотранспорт воситалари ҳаракатланишига тўсқинлик қилмаслик, зарур ҳолларда фуқароларни манзилига етказишда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан аниқ кўрсатма берилди.

Мазкур чеклов махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Шунингдек, жорий йил 31 июль (жума), 1−2 август ҳамда 8-9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади. Ушбу кунларда:

  • аҳолига — «ўзини ўзи яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш;
  • давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга — ходимларни ишга жалб этмаслик, ходимларнинг ушбу кунларда уйда қолиши учун шароит яратиш тавсия этилади.

Шу билан бирга йирик тадбиркорлик субъектларига карантин чекловлари амал қилган даврда тегишли ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва савдо объектларида санитария-гигиена ва эпидемиологик талабларга риоя этилиши учун масъул бўлган ходим белгилаш тавсия этилади.

Республика махсус комиссиясининг қарори билан Уй шароитида карантинни ташкиллаштириш тартиби тўғрисида услубий кўрсатма ҳам тасдиқланди.

Шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда коронавирус инфекцияси енгил, ўртача оғир ва оғир ўтаётган беморларни даволаш стандартлари тасдиқланиши ҳамда фуқароларга тавсия этиладиган дори воситаларининг ягона рўйхати шакллантирилиши белгиланди.

Шу билан бирга коронавирус инфекциясига қарши кураш самарадорлигини ошириш мақсадида:

  • республикадаги барча дорихоналарни зарур дори воситалари билан таъминлаш ҳамда дорихоналарда дори воситаларининг нархлари барқарорлигини таъминлаш;
  • коронавирус инфекциясини даволашга мўлжалланган шифохоналарни кислород билан таъминланган ҳолда шайлигини тайёрлаш;
  • коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни клиник белгиларига асосан тест жавобларини кутмасдан тиббий ёрдамни ташкил қилиш бўйича зарур чоралар белгиланди.

Мутасаддиларга коронавирус инфекциясини юқтирган беморларни шифохонага жойлаштиришнинг аниқ ва шаффоф мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда беморларни шифохонага жойлаштиришда ушбу мезонларга қатъий амал қилиш устидан аниқ топшириқлар берилди. Бунда, қандли диабет, онкологик, юрак қон-томир, аутоиммунлик кассаликлари, метаболик синдроми мавжуд ҳамда 55 ва ундан юқори ёшдаги беморларни биринчи навбатда шифохонага жойлаштирилиши белгиланди.