62 ёшда бўлган Чилонзор тумани Санитария-эпидемиология осойишталик марказининг бактериологик лабораторияси мудири Марҳабо Нуриддиновна Аҳмедова коронавирус асоратларидан вафот этди. Унинг ўлими 19 июль куни қайд этилган, аммо бу ҳақда ҳеч қаерга хабар қилинмади, деди шифокорнинг опаси Маҳмуда Мурзаева «Газета.uz»га.

«Менинг синглим 40 йиллик ҳаётини ушбу ишга бағишлади, 30 йилдан ортиқ вақт давомида Чилонзор СЭОМда шифокор бўлиб, кейин бактериологик лаборатория мудири сифатида ишлаган. Биз унга нафақага чиқишни айтдик, чунки унинг ёши 60 дан ошган эди ва у ушбу хавфли касаллик ичида юрарди. У ҳозир ишдан кета олмаслигини, чекина олмаслигини айтиб, бу ишни охиригача етказиб, кейин нафақага чиқишини айтди», — деди у.

Марҳабо Аҳмедова 13 июль куни коронавирусга тест топширган ва 16 июль куни тест натижаси ижобий чиққан. У COVID-19 билан оғриган беморлар билан алоқада бўлган.

Маҳмуда Мурзаеванинг сўзларига кўра, синглиси пандемия бошланганидан бери ҳафтасига етти кун, дам олиш кунларисиз ишлаган ва аҳолидан COVID-19 тестларини олган. У синглисини иш пайтида инфекцияланган деб тахмин қилмоқда.

«Синглимдан коронавирус текширувини ўтказишни сўрадим, чунки у ҳар куни беморлар билан алоқада бўларди. Охири у ҳам тест топширди. Ўша куни унинг назорати остида ишлаган шифокорда коронавирус аниқланган. Биринчи тестда синглимда вирус аниқланмаган, аммо бир ҳафтадан кейин унда иситма пайдо бўлди ва иккинчи бор топширилган тестдан сўнг COVID-19 тасдиқланди», — деди у.

Марҳабо Аҳмедова (марказда) Чилонзор тумани СЭОМ тиббиёт ходимлари билан биргаликда.

Бундан ташқари, Махмуда Мурзаева касалхонага ётқизиш учун жойни ҳам танишлар орқали топишга тўғри келганлигини айтди.

«Ҳозир вазият шунақа. Уни касалхонага ётқизиш қийин бўлди. Ҳатто шу соҳада ишлайдиган ходимни ҳам касалхонага ётқизиш қийин. Аммо танишларим орқали мен 1-шаҳар клиник шифохонасидан жой топишга эришдим. У нафас қисилиши ва заифлик, шунингдек сурункали бронхитдан азият чекарди. У касалхонада олти кун ётди, аҳволи ёмонлашгандан сўнг, уни кислородга олишди ва кейин вафот этди», — деди у.

Маҳмуда Мурзаева президентнинг селектор йиғилишларида тиббиёт ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга чақираётганлигини ҳам таъкидлаб ўтди.

«Аммо ўзингиз биласиз, маҳаллий раҳбарлар масъулиятсиз. Ҳозиргача… У ҳам мукофотга ва эътирофга лойиқ эди, аммо унинг раҳбарияти… бу ерда шаҳар СЭОМ ва Чилонзор СЭОМ раҳбарлари айбдор — бу ҳақда (Марҳабо Ахмедованинг вафоти ҳақида — таҳр.) ҳеч қаерда хабар берилмади… Кеч бўлса ҳам, ҳаммасини жойига қўйиш керак», — таъкидлади Маҳмуда Мурзаева.

Марҳабо Аҳмедова (чапдан учинчи).

Унинг айтишича, улар оилада 10 фарзанд бўлган — 6 қиз ва 4 ўғил. Барчаси олий маълумотга эга, шулардан 5 нафар қиз тиббиёт соҳасида маълумотга эга бўлишган.

«Ота-онамиз бизни камтар қилиб тарбиялашган, аммо мана бундай вазиятга мен чидай олмаяпман. Унинг ўлими ҳақида биронта жойда ҳам эълон қилинмади, шаҳар ва туман СЭОМ раҳбарияти унинг оиласига ҳатто ҳамдардлик билдирмади. Мен буни кўтара олмаяпман, шунинг учун мен соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар СЭОМ бош шифокори Малика Қудратхўжаевага хат ёздим», — деди у.

Тўлиқ бўлмаган статистика

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Марҳабо Аҳмедованинг ўлими ҳақида хабар бермади. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 18 июль кунидан берган вафот этган беморлар ҳақидаги кунлик ҳисоботида, исмларнинг бош ҳарфлари, ёш ва бошқа маълумотлари орасида марҳум шифокорга тўғри келадигани йўқ.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати 23 июль куни «Газета.uz»га маълум қилишича, ўша пайтда уларда бу ҳақда маълумот бўлмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги Марҳабо Аҳмедованинг вафот этганлиги ҳақдаги хабарни тасдиқлади.

«Газета.uz» Соғлиқни сақлаш вазирлигидан COVID-19 касаллиги сабабли вафот этган тиббиёт ходимларининг статистикасини сўраб мурожаат қилди, аммо бу маълумотлар ҳалигача ошкор этилмади.

Умуман олганда, вазирлик томонидан эълон қилинган рақамлар коронавирус билан боғлиқ барча ўлимларни акс эттирмаяпти. Масалан, статистикада бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистоннинг собиқ прокурори Хакимбай Халимовнинг исми келтирилмаган.