Ўзбекистон расмий захира активлари ҳажми 32,331 млрд АҚШ долларига тенг бўлди, дея маълум қилинади Марказий банкнинг мамлакат халқаро захиралари тўғрисидаги статистикасида.

Ҳисоб-китобга кўра, жами 32,331 млрд долларли захира ҳажмидан 19,482 млрд долларни олтин ташкил этади. Шу билан бирга, хорижий валютадаги захира активлар 12,484 млрд долларга тенг. Қолган 364,9 млн доллар эса СДР (махсус қарз олиш ҳуқуқлари — Ҳалфаро валюта жамғармасининг халқаро захира ва тўлов воситаси)дан иборат.

2020 йилнинг бошидан Ўзбекистон расмий захира активлари ҳажми деярли 11 фоизга ўсган (1 январь — $29,172 млрд ва 1 июль — $32,331 млрд).

Ўзбекистоннинг «хафсизлик ёстиғи» ҳисобланмуш олтин-валюта захираси тахминан 20 ой давомида импортни молиялаштиришга етарли бўлиб, ХВЖ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилган кўрсаткичдан кўп.

Маълумот учун, Марказий банк халқаро захираларни ҳисоблаш методикасини Халқаро валюта жамғармасининг стандартлари асосида юритади. Халқаро захираларнинг таркиби хорижий валюта активлари ва қуйма шаклидаги монетар олтиндан иборат.