Қорақалпоғистон Республикасида ишсиз ёшлар бандлиги таъминлаш мақсадида жорий йилнинг февраль ойида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, қишлоқ хўжалигига ихтисослашган «Мўйноқ келажаги бунёдкорлари» масъулияти чекланган жамияти ташкил этилган эди.

Ўзбекистон президенти Халқ қабулхонаси матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар қилишича, жамиятга 20 минг гектар ер майдони ажратилиб, ишсиз юрган минг нафарга яқин ёшларнинг бандлиги таъминланди.

Йил бошидан шу кунга қадар қорақалпоқ ёшлари томонидан жами 8 минг гектарга яқин ер ўзлаштирилди, турли кўчатлар экилди. Хусусан, 1160 гектарига — беда, 1201 гектарига — маккажўхори, 129 гектарига — кунгабоқар, 104 гектарига — қовун-тарвуз, 283 гектарига — кунжут, 1295 гектарига — шоли, 123 гектарига — жўхори ва 16 гектарига — мош экилиб, бугунги кунда айрим экинларни йиғиб олиш ва айримларига парвариш ишлари олиб борилмоқда.

Масалан, бедадан 900 гектари ўриб олинган бўлса, улардан чорвачилик хўжаликлари учун жами 410 тонна силос ва 11350 дона пресс жамланди. Ҳозирда қолган экинларнинг 14 гектарида дорилаш ишлари олиб борилмоқда. Экилган маҳсулотларнинг аксарияти ҳосил беришга етишиб қолган.

«Ушбу тадбирларга 46 та юқори унумли қишлоқ хўжалик техникалари жалб этилиб, агротехник ва суғориш ҳамда зараркунандалардан ҳимоялаш ишлари ўз вақтида ва самарали олиб борилиши натижасида экинлардан кўзланган меъёрда ҳосилдорлик олишга эришилмоқда», — дейилади хабарда.

Фото