Янги ўқув йилидан бошлаб мактаб директорлари ва ўқитувчиларининг маоши мактаб битирувчилариннг ОТМларга кириш кўрсаткичларига ва уларнинг ишга жойлашишига боғлиқ бўлиши ҳақидаги янгилик жамоатчиликнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди. Эҳтимол, бу қарор мактаб битирув ва ОТМга кириш имтиҳонларини унификациялаштириш (бирлаштириш) режалари билан боғлиқдир. Бу қарор нималарга асослангани ва қандай натижа бериши мумкинлигини «Газета.uz» колумнисти Комил Жалилов таҳлил қилади.

Бироз аввал «Маърифат» газетасининг Телеграм-каналида Наманган вилояти Халқ таълими бошқармаси раҳбари В.Ражапов ёзган огоҳлантириш хатининг нусхаси оммага талқин қилинганди. Хатдан тушунилишича, мактаблар битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичларидан келиб чиқиб махсус «рангли» гуруҳларга ажратилади ҳамда «қизил» ва «сариқ» гуруҳ мактабларидаги ходимлар маошлари қисқартирилади.

Халқ таълими вазирлигининг ахборот хизмати ушбу хатнинг ҳақиқатда мавжудлигини инкор қилмади ва чиндан ҳам мактабларни баҳолаш бўйича лойиҳа тайёрланаётгани ҳақида хабар берди. Шу навбатда, мактабларни баҳолаш мезонларида битирувчиларнинг ОТМга кириш даражаси ҳам ҳисобга олиниши айтиб ўтилган.

Бундан ташқари, вазирликнинг расмий сайтида битирувчиларининг 50% дан кўпи ОТМларга кирган мактаблар директорлари «олтин заҳира»га олиниши, аксинча, паст кўрсаткичли мактаб директорларининг фаолияти қайта кўриб чиқилиши ҳақида янгилик эълон қилинган.

Мактаб фаолиятига унинг битирувчиларидан неча фоизи ОТМга киришига қараб баҳо бериш ҳозирги тизим нуқтаи назаридан қанчалик адолатли?

Биринчидан. Шу пайтгача минтақавий ва халқаро стандартлар бўйича энг паст бўлиб келаётган олий таълим қамровини энди бу йил 25% га олиб чиқиш режалаштирилган. Бу мактаб битирувчиларининг ҳар 4тасидан биттасигина ОТМда таълимни давом эттира олишини англатади. Агар абитуриентлар ичида аввалроқ мактабни тамомлаганлар ҳам бўлишини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич янада камроқ бўлади.

Мисол тариқасида, жорий йилги қарийб 1,5 миллион абитуриентдан 1,3 миллионга яқини давлат ОТМларида ўқиш имкониятидан бебаҳра қоладилар (давлат ОТМларида бакалавр учун тасдиқланган ўринлар сони 139,9 мингни ташкил этади). ОТМларга кириш давлат миқёсида чекланган бир пайтда, мактабларни битирувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичига таяниб рағбатлантириш ёки «жазолаш» қанчалик тўғри бўлади?

Иккинчидан. Абитуриентнинг имтиҳонларда муваффақият қозониши фақат унинг билимига боғлиқ эмас. Бу ерда абитуриент оиласининг молиявий ва ижтимоий аҳволи каби мактаб таъсир доирасидан ташқари омиллар ҳам мавжуд. ОТМларда кундузги таълим талабаларининг 23 фоизигина давлат гранти асосида ўқий олади (сиртқи ва кечки бўлимлар бундан мустасно — улар учун ўқиш фақат тўлов асосида). Ана энди, энг арзон тўлов-шартнома нархлари ўртача ойлик иш ҳақидан 5 баравар кўплигини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳар бир оилада ҳам кундалик заруриятларга кетадиган харажатлар (озиқ-овқат, коммунал тўловлар ва ҳоказолар)дан орттириб, фарзандининг контрактини тўлашга имконият бўлмаслигига амин бўламиз.

Келинг, бир ҳолатни кўз олдимизга келтирамиз: бир мактаб битирувчиси қабул имтиҳонларида етарли балл тўплаб, контракт асосида ўқишга қабул қилинди. Лекин оиласидаги молиявий қийинчиликлар туфайли контракт тўловини тўлай олмади ва ўқишдан бош тортди. Бошқа бир мактаб битирувчиси эса, керакли баллни тўплай олмади, бироқ супер-контракт асосида ўқишга кирди. Бундан келиб чиқиб, иккинчи мактаб биринчисидан яхшироқ ишлаган дейиш тўғрими?

ОТМларга киришда тақдим этиладиган имтиёзлар рўйхати эса алоҳида бир мавзу. Бу имтиёзлар абитуриентнинг билимига қараб эмас, балки унинг қайси ҳудуддан, қайси мактабдан эканлиги (баъзи мактаб битирувчилар махсус имтиёзларга эга), ҳарбий хизматни ўтаганлиги, ота-онасининг касби (баъзи мутахассислар фарзандларига алоҳида квоталар белгиланган), жинси каби омилларга таяниб ажратилган. Парламентнинг қуйи палатаси депутати Мақсуда Ворисова бу имтиёзлар давлат Конституциясидаги ижтимоий тенглик тамойилига мутлақо зидлиги ҳақида фикр билдирган эди.

Бу тизим тестология — баҳолаш ҳақидаги фанга ҳам мутлақ зиддир. Тест натижаларига синалаётган билим ва кўникмалардан ташқари, бошқа омиллар ҳам таъсир кўрсатиши тест натижаларининг валидлигини йўққа чиқаради. Агар юқоридаги қарашлардан келиб чиқсак, мактаблар «қизил» рўйхатга тушмаслик учун имтиёзга эга ва контракт пулини тўлашга қурби етадиган ўқувчиларни ўзига жалб қилишни билиши керак, ахир уларда ОТМга кириш имконияти каттароқку.

Учинчидан. Ўз соҳасида муваффақиятга эришиш учун олий таълим шарт бўлмаган касблар жуда кўп. Ҳозирги кунда тан олинишича, «9+3» тизими ўзини оқламади ва шу сабабли янги турдаги профессионал таълим муассасалари тармоғи яратилди. Бироқ, агар мактаблар фақат ОТМга кириш кўрсаткичи билан баҳоланса, ўқувчиларнинг ОТМга эмас, бундай профессионал таълим муассасаларига ва ўрта бўғин касбларига қизиқишини қандай қўллаб-қувватлаш мумкин?

Яна бир ҳолатни инобатга олиш керак: айтайлик, ўқувчи мактабни битиргач, ўз келажаги ҳақида ўйлаб олиш учун танаффус — «gap year» олишга қарор қилди. АҚШда олиб борилган тадқиқот натижасида Америка мактаб битирувчиларининг 1/3 қисми ана шундай танаффус олишни исташлари маълум бўлди. Қизиқарлиси шуки, шундай танаффус йилида вақтини самарали ўтказганлари — қўшимча иш тажрибасини орттириб, кўнгилли сифатида турли лойиҳаларда қатнашганлари кейинги таълим фаолиятида юқори натижаларга эришар экан. Ахир, 11-синфни битириб ҳали ҳам ўз ҳаёт йўлини аниқламаган ўқувчилар топилади ва уларни мажбурлаб бирор-бир ОТМга топширишга ундаш вақт, куч ва пулни бекорга сарфлашга олиб келиши мумкин.

Тўртинчидан. Назаримизда, шуни тан олиш лозимки, ҳозирги шароитда ОТМга кириш мактабга эмас, бошқа бир қатор омилларга боғлиқ. Бундай омиллардан айримларини — оиланинг ижтимоий ва иқтисодий аҳволини юқорида санадик. Шундай омиллардан яна бири — бу «соядаги таълим».

«Соядаги таълим» (shadow education) — мактаб дастурига кирган ва ўқувчилар муҳим имтиҳонлар топширадиган фанлардан қўшимча пуллик машғулотлар. Бундай машғулотлар индивидуал (якка) ёки гуруҳларда бўлиши мумкин. Ўқитувчилар танлови ҳам жуда кенг: исталса, мактабда ўша фандан дарс берувчи ўқитувчини ёки ташқаридан бошқа ўқитувчини ёллаш мумкин. Бунда «соядаги» сўзи «соядаги иқтисодиёт» атамаси сингари салбий маъно касб этмаслигини ҳам инобатга олиш лозим.

Соядаги таълим бутун дунёда кенг тарқалган ҳолат. Бу борада изланиш олиб борган олимлар Осиё давлатларида 85 фоизгача юқори синф ўқувчилари соядаги таълимдан фойдаланиши, Европа бозорида эса бу соҳадаги фаолият бир неча юз миллион евро йиллик даромад олиб келишини аниқлашди.

Афсуски, бу борадаги Ўзбекистонга тегишли тадқиқот натижалари топилмади (2009 йилда ЮНЕСКОнинг Марказий Осиёда соядаги таълим борасида олиб борган тадқиқотида бизнинг мамлакат ҳақида маълумотлар берилмаган). Бироқ ўқув марказлари ва репетиторларнинг кенг оммалашганидан келиб чиқиб, бизнинг мамлакатимизда ҳам бу ҳолат анча кенг тарқалганлигини айтишимиз мумкин.

«Маърифат» газетаси Бухоро вилояти Шофиркон тумани мисолида ОТМларга киришнинг юқори кўрсаткичи мактабларнинг эмас, репетиторларнинг хизмати эканлигини таҳлил қилишга ҳаракат қилган. Умуман олганда, мактабларни ОТМга кириш даражаси бўйича баҳолашга ўтишдан олдин бу жараёнга таъсир кўрсатувчи турли омиллар борлигини ҳам инобатга олиш тўғри бўлади.

Ўқитувчи, мактаб раҳбари, ҳатто Халқ таълими вазирлигининг таъсирида бўлмаган шундай омиллар борки, улар бевосита таълим сифатига таъсир кўрсатади. Масалан, 18−20 соатлик дарс юкламаси ва республика бўйича ўртача иш ҳақидан паст бўлган маош ўқитувчиларни бир неча ставкаларда ишлашга мажбур қилади. Ҳар бир ўқувчига эътибор қаратишга имкон қолдирмайдиган даражада ўқувчилар кўп бўлган синфлар, фақат «ёдла-қайтар»га асосланган ва хатоларга тўла ягона дарсликлар, замондан ортда қолган лабораториялар — буларнинг ҳаммаси, ўз навбатида, таълим сифатига ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Натижада, фарзандининг келажагидан хавотирга тушган ота-оналар ва ўқувчиларнинг ўзида соядаги таълимга мурожаат қилишдан бошқа йўл қолмайди.

Баъзан эса, ҳукумат қарорларининг ўзи ҳам ўқувчиларни қўшимча дарслардан нажот излашга мажбур қилади. Бунга ёрқин мисол — чет тилини билиш даражаси: таълим стандартларига кўра, мактаб битирувчисидан тилни Б1 даражада билиш талаб қилинса, ОТМга киришда чет тилида максимал балл олиш учун эса негадир бир поғона юқори — Б2 даража сўралади. Биз бундай талаб қўйишнинг салбий оқибатларини норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳали муҳокамада бўлганида таҳлил қилишга ҳаракат қилиб кўргандик. Яқинда ҳуқуқшунос ва блоггер Хушнудбек Худойбердиев ҳам масалани яна бир бор кўтариб чиқди.

Яна бир муҳим омил. Жаҳон банкининг таълим бўйича эксперти Нодира Мелибоеванинг фикрича, Ўзбекистонда иқтидорли ва малакали педагогларни таълим тизимига жалб қилиш ва ушлаб туриш тизими йўқ. Мактаб муҳитига боғлиқ юқорида кўрсатилган тўсиқлардан ташқари, камдан-кам инсонлар эътибор қаратадиган яна бир нарса бор: ўқитувчиларнинг профессионал кўникмаларни йўқотиши.

Касбий кўникмаларни йўқотишнинг (инглиз илмий адабиётида «deskilling» атамаси қўлланилади) сабаблари турлича. Мутахассислар фикрига кўра, ана шундай омиллардан бири шахсий рағбатнинг сустлиги ёки ўта марказлаштирилган тизим бўлиши мумкин. Масалан, юқоридан берилган ўқув дастури чегараларидан чиқа олмаслик ва ўз ўқувчилари учун фанни ўқитишни режалаштира олмаслик ўз пайтида Туркия ва Жанубий Корея таълим тизимида муаммоларга сабаб бўлган.

Бу воқеалар қаршисида Халқ таълими вазирлигининг яқинда ишлаб чиққан қарори — «мактабдаги қоғозбозликни бартараф этиш мақсадида» ўқув режасининг Халқ таълими вазирлиги томонидан тузилиши ва республика мактабларига бирдек тарғиб этилиши табиатан ижодий касб бўлмиш ўқитувчиликни механик «маълумот бериш»га айлантириб қўяди.

Ўқитувчи ўз фаолияти учун масъулиятни ҳис қилиши, умуман олганда, жараёндан завқ олишида ўқув режасини ўқувчиларга мослаштириб ўзгартира олиш имконияти жуда муҳим ҳисобланади.

Агар режа ўқувчилар билан ишлаб кўрмаган юқоридаги бир амалдор томонидан тузилар экан, ўқитувчи режага амал қилиш учун кўпроқ билимларни тўғри ўзлаштиришга ёрдам бериш тўғрисида эмас, ўқув дастуридаги вақт билан тўғри кетиш ҳақида қайғура бошлайди. Охир-оқибат, таълим сифатидан қониқмаган ўқувчи қўшимча дарслар, соявий таълим имкониятларини излай бошлайди.

Ниҳоят, охирги, аммо муҳим омиллардан бири — таълим стандартлари бир нарсани талаб қилган пайтда, ОТМга кириш имтиҳонлари бутунлай бошқа нарсани текширса, тест тизими тестологиянинг энг оддий талабларини ҳам инобатга олмаса, мактабларни ОТМга кирган битирувчиларга кўра баҳолаш имконсиздир. Ахир ўқитувчининг вазифаси таълим стандартидаги талаб ва мақсадларга эришиш эмасми? Масалан, ўз соҳасини яхши биладиган адабиёт ўқитувчиси ХХ аср ўзбек адабиётининг ёрқин намунаси — «Кеча ва кундуз»даги эпизодик қаҳрамон бўлмиш аравакашнинг исмини эслаб қолишни ўқувчиларидан талаб қилмайди.

Ўқитувчининг вазифаси — ҳар бир ўқувчида асар ҳақида ўз тушунчасини шакллантиришга ёрдам бериш. Ёки бўлмаса, тарих фани ўқитувчиси болалардан тарихий давлат арбоблари ва турли халқлар илоҳларининг расмларини ёдлаб қолишни талаб қилиши мантиқсизлик эмасми? Унинг вазифаси — келажак авлодни тарихий воқеаларни таҳлил қилган ҳолда, хулоса чиқаришга ўргатиш. Келинг, бир нарсани аниқлаштириб оламиз: ўқитувчининг мақсади келажакда керак бўладиган кўникмаларни шакллантиришми ёки фақат тест учун керак бўладиган ва ҳаёт учун умуман кераксиз маълумотларни ёдлашга ўргатишми?

Мактаб битирувчиларининг «ишга жойлашуви» масаласига келадиган бўлсак (айнан шу ўқитувчи ва мураббийларнинг маошини аниқлашда иккинчи омил ҳисобланади), яқин ўтмишни эслашнинг ўзи кифоя. Касб-ҳунар таълим муассасаларининг битирувчилари фақат чиройли ҳисобот учун мавжуд бўлмаган ёки аллақачон ёпилиб кетган корхоналарга қандай «ишга жойлаштирилганини» эсласангиз керак? Баъзан бу «бандлик» ҳисобот кўриб чиқилгунга қадар давом этган. Айтишларича, ўтган асрнинг энг ёрқин аёлларидан бири Индира Ганди шундай деган экан: «Тарих — энг ёмон ўқувчиларга эга энг яхши ўқитувчидир».

Таълим соҳасидаги ҳар қандай ўзгаришлар илмий тадқиқот ва чуқур таҳлилларга асосланган бўлиши лозим. Акс ҳолда, бундай тез қарорлар билан тизим ичидаги иштирокчиларни тўғри йўлдан чалғитиш ёки уларга зарар етказиб қўйиш мумкин. Таълим тизимида шошилинч ва саёз, популистик қарорларга асло йўл йўқ. Ахир, бу йўлда миллатнинг интеллектуал келажаги тақдири тикилган.

Муаллиф фикрлари таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Мақола таржимаси Khan Academy Oʻzbek томонидан тақдим этилди.