24 июль куни Жиззах вилоятида 2 та ўлим билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Соат 17:00 ларда 33 ёшли О.Ж. бошқарувидаги Lacetti автомашинасида Ғаллаорол тумани томондан Маржонбулоқ шаҳарчасига қараб ҳаракатланиб кетаётган вақтида Лалмикор МФЙ ҳудудида 4R-43A йўлининг 10- километрида йўлни кесиб ўтаётган пиёда 5 ёшли қизни уриб юборди. Қизча тан жароҳатлари билан туман марказий шифохонасига олиб борилган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, у шифохонада вафот этган.

Иккинчи ҳодиса 16:00 да Жиззах шаҳри яқинидаги «Сайхон» маҳалласи ҳудудида содир бўлди. 18 ёшли икки йигит — А. С. ва Б. В. 21 ёшли «ЗиЛ» ҳайдовчиси билан кабинага чиқишга мўлжалланган зинада тик турган ҳолда 200 метр масофага боришга келишади. А. С. автомобиль тўхташини кутмасдан, ундан сакрайди ва асфальтга боши билан йиқилиб, ҳодиса жойида ҳаётдан кўз юмади.

Аввалроқ вилоятнинг Шароф Рашидов тумани ҳудудида Traller русумли юк автомашинасининг ағдарилиб кетгани ҳақида хабар қилинган эди. Ҳодисадан тан жароҳати олганлар йўқ.