24 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 18986 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 64 нафари Тошкент шаҳрида, 31 нафар Самарқанд вилоятида, 18 нафари Тошкент вилоятида ҳамда 5 нафари Қорақалпоғистонда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан 8734 киши даволанмоқда. Улардан 118 нафари оғир, 30 нафари ўта оғир аҳволда, дея баҳоланмоқда.

Айни пайтда мамлакатда 10149 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган.

Бундан ташқари, шу вақтга қадар COVID-19 асоратларидан вафот этган беморлар сони 103 нафарга етди.

Навбатдаги бемор ўлими Жиззах шаҳрида яшаган 57 ёшли Т.А. (аёл) бўлиб, у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинади.

Қайд этилишича, беморда «COVID-19» тасдиқлангач, у вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

«Унга „COVID-19“ инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас ва юрак етишмовчилиги асоратлари билан кечган.Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси ҳамда гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.