23 июль куни Андижон вилояти Андижон тумани Қурама МФЙ ҳудудидан ўтувчи А-373 «Тошкент-Ўш» халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлининг 485-километрида учта енгил автомобиль иштирокида ҳалокатли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

ИИВ ЙҲХББ ахборот хизматининг хабар қилишича, соат 10:00 ларда 1997 йилда туғилган ҳайдовчи Ф.А. Nexia-3 автомобилида йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетиб, 1980 йилда туғилган А.А. бошқарувидаги Spark билан тўқнашган. Сўнгра яна бир ҳайдовчи — 1981 йилда туғилган Н.Т. бошқарувидаги Spark Nexia-3 билан тўқнашган.

Натижада, биринчи Spark хайдовчиси А.А. ҳамда онаси 1958 йилда туғилган Ф.А. оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этишган. Ушбу автомашина йўловчиси 1986 йилда туғилган Д.Х. тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Андижон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.