10 июлдан Республика махсус комиссияси қарори билан жамоат транспортлари ҳаракати чеклаб қўйилгач, йўналишсиз таксиларга бўлган эҳтиёж ошди. Тошкентда йўл ҳақларини ошириб юборган бир қатор ҳайдовчилар ва корхоналар жазоланди, дея хабар берди ЎзА.

«Жамоат транспорти бўлган автобус ва метрога тарифлар ҳокимлик қарори билан қабул қилинади. Таксиларда эса йўл ҳақи ташувчи ва йўловчи ўртасидаги ўзаро келишувга асосан белгиланади. Бироқ, айрим такси хизмати корхоналари ва ҳайдовчилари мураккаб вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланмоқда», — дейди Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев.

Тошкент аҳолисини карантин даврида молиявий жиҳатдан қийинчиликларга дуч келишларининг олдини олиш мақсадида Транспорт вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари мониторинг тадбирлари ўтказиб боришмоқда.

Натижада 10 июлдан бугунги кунга қадар йўл ҳақини асоссиз оширган ёки тендер шартномаси талабларини бузган 25 юридик корхонага маъмурий чоралар қўлланилди. 64 та йўналишсиз таксининг лицензия варақалари бекор қилинди. Бундан ташқари ўнга яқин юридик корхонага чора кўриш ва 21 таксининг лицензиясини бекор қилишга доир ҳужжатлар судга тақдим этилди.

17 июль куни Тошкент шаҳрида Давлат солиқ қўмитаси ва Тошкент шаҳри Транспорт бошқармаси ҳамда санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари томонидан йўллардаги ҳолатларни назорат қилиш бўйича тадбирлар ўтказилди.

14 та стационар йўл-патрул постларида 10−00 дан 17−00 гача ҳайдовчиларнинг белгиланган қоидаларга (лицензиянинг мавжудлиги, хизмат нархлари, хавфсизлик чоралари) қанчалик амал қилаётганликлари ўрганилди.

Давлат солиқ қўмитасининг хабарига кўра, ушбу тадбирлар доирасида 45 та қоидабузарлик ҳолатлари кузатилган: санитария-эпидемиологик талабларга амал қилмаслик (22), ноқонуний хизмат кўрсатиш (23).

Баъзи ноқонуний тарзда, яъни махсус лицензияга эга бўлмаган ҳолда йўловчи ташиётган ҳайдовчилар нархларни ошириб юбораётгани юзасидан ҳам шикоятлар бўлмоқда, дейилади хабарда.

Солиқ органлари ходимларининг суриштирув натижаларига кўра, такси хизмати учун нархлар икки баробар оширилгани маълум бўлди. Бу ҳақда 108 нафар йўловчи шикоят қилган.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176−3 моддаси (автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш) га кўра, лицензиясиз хизмат кўрсатаётган ҳайдовчи энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бароваридан 100 бароваригача, яъни 4,5 млн сўмдан 22,3 млн сўмгача миқдорда жаримага тортилиши мумкин.