Бухоро вилояти ҳокимлигининг соғлиқни сақлаш бошқармаси коронавирус билан касалланган беморларни оғир аҳволда даволашда ёрдам берадиган 50 та кислород концентраторларини сотиб олди, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

20 июль куни президент Шавкат Мирзиёев мамлакатга кислород концентраторлари ва пульсоксиметрларни тезкор етказиб бериш чораларини кўриш бўйича топшириқ берди. Агар лозим бўлса, махсус самолёт ажратилишини айтди. Ушбу тиббий буюмларни тадбиркорлар томонидан олиб кириш тартиблари Вазирлар Маҳкамасининг 22 июлдаги қарори билан қулайлаштирилди.

Вилоят маъмурияти хабарига кўра, ҳар бир кислород концентратори 12 миллион сўмдан (1175 доллар) сотиб олинган. Бухоро вилояти ҳокимлиги махсус штабининг фотосуратларида ушбу қурилма Хитойнинг ҳар хил турдаги кислород концентраторларини ишлаб чиқарадиган Kunshan Dynmed Medical Technology логотипини акс эттирганини кўриш мумкин.

Бир қатор блогерлар Alibaba сайтида бундай концентраторлар 320 доллар туришини, 100 та ёки ундан кўп сотиб олинса ҳар бирининг нархи 220 долларни ташкил этишига эътибор қаратишди.

«Газета.uz» ҳокимият соғлиқни сақлаш бошқармаси 50 та концентратор тўғридан-тўғри бюджет харидлари доирасида сотиб олинганлигини аниқлади (давлат харидлари сайтидаги маълумотларга кўра). Ускуналарни сотиб олиш бўйича Vigour Export компанияси билан 22 июль куни шартнома имзоланган. Шартнома суммаси 505,8 млн сўмни ташкил этади (битта концентратор учун 10,1 млн сўм).

Vigour Export компанияси вакили «Газета.uz» мухбири билан телефон орқали суҳбатда, концентраторлар Ўзбекистонга ҳали олиб келинмаганлигини, ва бунинг сабаби сифатида товарлар фақат 15 иш куни ичида етказиб берилишини айтди. Шу билан бирга, у фотосуратда кўрсатилган концентратор моделларини унинг компанияси томонидан сотиб олинганлиги ҳақидаги маълумотни рад этди.

«Бизнинг ускуналаримиз янада кучлироқ ва янги модификацияга эга. Фотосуратдаги ушбу қурилмани биз етказиб бермаганмиз… Бу қурилма ва бизнинг қурилма ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Бизникида имкониятлар кўпроқ», — деди у, ушбу моделнинг техник характеристикаларини юборишни ваъда қилди (хабар ёзилган вақтда маълумотлар юборилмаган).

Vigour Export га Анвар Ҳамроев (66,7%) ва 100% унга тегишли бўлган Husen Susana Expidition компанияси эгалик қилади.

Корхоналар ва ташкилотлар ягона давлат регистрига кўра, Vigour Export 2020 йил 21 майда 300 млн сўм миқдорида устав капитали билан рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури — паррандачилик. Компания вакилининг сўзларига кўра, низомда паррандачиликдан ташқари фақат 92 та фаолият тури, шу жумладан экспорт-импорт операциялари кўрсатилган.

«Газета.uz» мухбири Бухоро вилояти ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармасининг бир нечта ходимлари билан суҳбатлашди, аммо шартнома ва концентраторлар тўғрисидаги саволларга жавоб олмади. Бошқармадагилар «кислород концентраторлари» учун жавобгар бўлган ходим билан боғлашларини айтишди, аммо кейинчалик қўнғироқларга жавоб беришни тўхтатишди.