Фарғонада стикерсиз такси ҳайдовчиси жарима майдончаси ҳовлисидаги дарахтга ўзини осмоқчи бўлди. Фарғона вилоят ИИБ мазкур ҳолат юзасидан изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 22 июль куни соат 16:10да Фарғона шаҳри ва Тошлоқ туманлари чегарасида ташкил этилган карантин постида хизмат олиб бораётган вилоят ИИБ ЙҲХБ ходими Ш. А Тошлоқ туманидан Фарғонага қараб ҳаракатланиб келаётган тошлоқлик фуқаро Ю.Н бошқарувидаги Lassetti русумли автомашинани тўхтатган. У ҳайдовчидан автомобилнинг карантин вақтида ҳаракатланиши учун берилган рухсатномани талаб қилган. Ҳайдовчи эса хеч қандай рухсатнома тақдим қила олмаган.

Натижада автомашина вақтинчалик жарима майдонига олиб келиниб, Фарғона шаҳар Санитария эпидимиология осойишталик маркази ходимлари томонидан фуқаро Ю.Н.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 2-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Фуқаро Ю.Н қоидабузарлиги учун қонунчиликда белгиланган жарима суммасини тўлашдан бўйин товлаш мақсадида жарима майдонидаги дарахтга ўзини осмоқчи бўлган.

Миллий гвардия ходимлари томонидан фуқаро Ю.Н.нинг хатти-ҳаракатлари тўхтатиб қолинган.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссияси қарори билан мамлакатда стикерсиз ҳаракатланишга фақатгина куннинг муайян вақтида (07.00 дан — 10.00 гача, 17.00 дан — 20.00 гача) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади.

21 июль куни эса коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича Фарғона вилоят идоралараро мувофиқлаштирувчи штаби томонидан қабул қилинган баёнга асосан туман, шаҳар ҳокимликлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари томонидан автотранспорт воситаларини ҳаракатланиши учун жорий этилган барча турдаги рухсатномалар, рўйхатлар, маълумотномалар ва стикерлар (Давлат хизматлари агентлиги томонидан берилган стикерлар бундан мустасно) 22 июль кунидан бекор килинди.

«Шундай бўлсада, вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан 22 июль куни ҳам ҳайдовчиларга ушбу баён мазмуни тушунтирилиб, фақатгина огоҳлантириш ишлари олиб борилди», — дейилади хабарда.