Ўзбекистонга цемент импорт қилиш ва уни эркин муомалага чиқариш тартиблари соддалаштирилади, дея хабар қилди Адлия вазирлиги матбуот хизмати. Вазирлар Маҳкамасининг 23 июлдаги «Цемент импорти тартибини соддалаштириш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, цемент республика ҳудудига олиб кирилгунга қадар импорт қилувчи томонидан ихтиёрийлик асосида унинг намуналари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун сертификатлаштириш органига тақдим этилади.

Маҳсулотни эркин муомалага чиқариш («ИМ 40» режимига ўтказиш) давлат божхона хизмати органлари томонидан тегишли мувофиқлик сертификати асосида амалга оширилади (божхона қонун ҳужжатлари хавфи белгилари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно).

Ҳар бир божхона юк декларацияси бўйича маълумот сертификатлаштириш органига «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали юборилади ва цемент эркин муомалага чиқарилганда сертификатлаштириш органи билан импорт қилувчи ўртасида тузилган шартнома доирасида цементни хавф-хатарларни таҳлил қилиш асосида даврий равишда лаборатория синовларидан ўтказилади.

Қарор билан цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан таъминлаш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Унга кўра, республикада фаолият юритаётган цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан 2020 йил II ярмида 9 060,2 минг тонна (I ярим йиликка нисбатан 166% кўп) цемент ишлаб чиқаришни таъминлаш назарда тутилган.

Шунингдек, 2020−2021 йилларда 1 млрд 129 млн доллар миқдорида инвестиция киритиш ҳисобига цемент ишлаб чиқариш бўйича жами 18 та лойиҳанинг (2020 йилда 7 та, 2021 йилда 11 та) ишга туширилиши белгиланган.

Қарорга мувофиқ, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган цементни олиб кирганлик, ички бозорда цемент маҳсулотларини чакана сотишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жарималар қўллашни назарда тутувчи тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.