23 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 18531 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 37 нафари Тошкент шаҳрида тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида, 34 нафар Қашқадарё вилоятида, яна 34 нафари Самарқанд вилоятида, 19 нафари Бухоро вилоятида, 15 нафари Қорақалпоғистонда ҳамда 13 нафари Фарғона вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан 8560 киши даволанмоқда. Улардан 100 нафари оғир, 27 нафари ўта оғир аҳволда, дея баҳоланмоқда.

Айни пайтда мамлакатда 9872 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган.

Бундан ташқари, шу вақтга қадар COVID-19 асоратларидан вафот этган беморлар сони 99 нафарга етди.

Навбатдаги бемор ўлими Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 55 ёшли Р.Ш.да (эркак) бўлиб, у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинади.

Қайд этилишича, беморда 19 июль куни «COVID-19» тасдиқланган ва Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига ётқизилган.

«Унга „COVID-19“ инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, стенокардия ҳамда гипертония, семизлик 3 даража каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.