Ўзбекистон бош прокурорининг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистоннинг собиқ прокурори Хакимбай Халимов оламдан ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га хабар қилди. Аввалроқ унда коронавирус аниқланган эди.

«Бош прокуратура раҳбарияти ва жамоаси Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси органларида хизмат қилган 3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси Халимов Хакимбай Ашировичнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг қариндош ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади», — деб ёзди матбуот хизмати.

Хакимбай Халимов (1954 йилда туғилган) турли йилларда Қорақалпоғистон прокуратура тизимида фаолият кўрсатган. Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари, Қорақалпоғистон прокурори бўлиб ишлаган. 2017−2019 йилларда Қорақалпоғистонда президент халқ қабулхонасини бошқарган. 2019 йилдан буён Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.