Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мамлакатда 2020 йил биринчи ярмида 4,8 млрд АҚШ доллари хорижий инвестициялрни ўзлаштирилганини маълум қилди.

Хабарда қайд этилишича, январь-июнь ойларда ўзлаштирилган хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми 4,8 млрд долларни, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар — 3,2 млрд долларни ва давлат кафолати остидаги хорижий кредитлар — 1,6 млрд долларни ташкил этди.

Шу билан бирга, асосий капиталга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2,6 млрд долларни ташкил этиб, 2019 йилдаги шу кўрсаткичга нисбатан 1,2 маротаба ўсиш суръати кузатилган. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг умумий инвестиция ҳажмидаги улуши 29,5% гача ўсгани маълум қилинди.

Вазирлик ҳисобот даврида 494 та лойиҳа ишга туширилганини қайд этиб ўтди. Булардан 28 таси йирик ишлаб чиқариш корхонаси ва 466 таси ҳудудий аҳамиятга эга саноат объектлари.

Ўзбекистон иқтисодиётига инвестицияларни киритиш бўйича Россия, Хитой, Германия ва Туркия давлатлари етакчилик қилди, республика иқтисодиётига инвестиция киритган мамлакатларнинг умумий сони 37 тани ташкил этди.

Кўриб чиқилаётган даврда электротехника саноати (2019 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш — 13 баробар), қурилиш материаллари ишлаб чиқариш (ўсиш — 3,6 баробар), АКТ (ўсиш — 3,5 баробар) соҳалари инвесторлар учун энг жозибадор бўлиб қолди. Озиқ-овқат саноати (ўсиш — 1,5 баробар), кимё саноати (ўсиш — 1,3 баробар) ва тўқимачилик саноати (ўсиш — 1,6 баробар) ҳам ўсиш динамикасини кўрсатгани таъкидланади.

Шу билан бирга, минтақавий аҳамиятга молик лойиҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитларни жалб қилишнинг ўсиш тенденцияси мустаҳкамланди ва ҳисобот даврида 2 млрд долларни ташкил этиб, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 1,05 баробарга ошди. Умумий сумманинг 1,6 млрд доллари асосий капиталга йўналтирилди. Ҳудудий лойиҳалар доирасида инвестицияларни ўзлаштириш ҳажми тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар умумий ҳажмининг 62,3 фоизини ташкил этди.

Вилоятлар кесимида 2020 йилнинг биринчи ярмида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўсишининг энг юқори динамикаси Наманган (1,6 баробар), Тошкент (1,6 баробар), Қашқадарё (1,5 баробар) ва Сирдарё (1,4 баробар) вилоятларида кузатилди.

Иқтисодчи изоҳи

Иқтисодчи Беҳзод Хошимов тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми Халқаро валюта жамғармаси прогноз қилган рақамлардан 4,2 баробар (ХВЖ прогнози — $750 млн, ИТСВ кўрсаткичи — $3,2 млрд) юқори бўлганига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, коронавирус пандемияси мамлакат иқтисодиётига катта таъсир ўтказган ва 2020 йилдаги ўсиш даражаси 6 фоиздан 1,5 фоизгача тушиши прогноз қилинган ва бу иқтисодий ўсиш кулмалари 4 баробар ёмонроқ бўлиши кераклигини англатиши керак эди.

«Бу жойда табиий савол туғилади: нима учун бизда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ошиб боряпти? Бутун ривожлланаётган дунёда бу рақамлар тушиб келяпти, инвесторлар ривожланаётган бозорларга ишонишмаяпти, лекин бизда ҳаммаси ўтган йилдан ҳам яхши. Ҳатто ХВЖнинг йиллик прогнозларини, ярим йилнинг ўзида 4,2 баробарга кўпроқ қилиб қўйибмиз. Буни сири нимада?», — дея таажубланди Беҳзод Хошимов.

Шу ўринда, иқтисодчи бу рақамларга алоҳида эътибор қаратиб, уларни чуқур ўрганишга талаб борлигини билдириб ўтди.