22 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 18171 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 131 нафари Тошкент шаҳрида тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида, 61 нафар Андижон вилоятида, 50 нафари Сурхондарё вилоятида, 19 нафари Қашқадарё вилоятида, 16 нафари Наманган вилоятида ҳамда 13 нафари Хоразм вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан 8554 киши даволанмоқда. Улардан 101 нафари оғир, 32 нафари ўта оғир аҳволда, дея баҳоланмоқда.

Айни пайтда мамлакатда 9521 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган.

Бундан ташқари, 21 июль куни COVID-19 асоратларидан вафот этган беморлар сони 97 нафарга етди.

Навбатдаги бемор ўлими Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида яшаган 42 ёшли Б.Д.да (эркак) бўлиб, у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинади.

Қайд этилишича, беморда 3 июль куни «COVID-19» инфекцияси тасдиқланган ва Қорақалпоғистон юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

«Унга „COVID-19“ инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилиги, семизлик 2-даражаси асоратлари билан кечган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.