Наманган шаҳрида 11 нафар фуқароларнинг хабардорлигисиз 200 млн сўмлик кредит маблағлари ўзлаштирган банк ходимларининг фаолияти фош этилди, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментнинг Наманган шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «D.D.» МЧЖ раҳбари Д.И. «Халқ банки» Наманган вилояти филиали мансабдор шахслари билан олдиндан тил бириктирган. У расмий ҳужжатларни такроран қалбакилаштириш орқали 11 нафар фуқаро номига уларнинг хабарисиз 200 млн сўмлик кредит маблағлари ажратилишига эришган. Маблағларни жамият ҳисоб рақамига ўтказилиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан жамият раҳбари Д.И. ва филиал мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди, 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни калбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми «а, б» бандлари ва 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.