Тошкент вилояти Паркент туманида Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси Паркент туман филиали мансабдор шахслари томонидан карантин қоидаларини бузган фуқароларга истисно тариқасида жарима жазолари тайинламагани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда 86 нафар фуқарога қилмишларига яраша жарима тайинланмагани маълум бўлди. Улар томонидан содир этилган қоидабузарликлар истисно этувчи ҳолатлар сифатида расмийлаштирилган. Натижада 397,6 млн сўм миқдорида давлат манфаатларига зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан филиал мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.