Интернетда 20 млн бепул VPN хизматлари фойдаланувчилари тўғрисидаги маълумотлар очиқланди. Ҳимояланмаган серверда фойдаланувчиларнинг электрон почта манзиллари, шифрлангмаган пароллар, IP ва уй манзиллари, смартфон моделлари ва алоқа воситаларининг идентификаторлари мавжуд. Бу ҳақда Коммерсантъ хабар берди.

vpnMentor тадқиқот гуруҳи очиқ тармоқда 20 млндан ортиқ бепул VPN фойдаланувчилари тўғрисидаги маълумотларни топишди.

Ҳимояланмаган серверда UFO VPN, Fast VPN, Free VPN, Super VPN, Flash VPN, Secure VPN ва Rabbit VPN дастурлари ҳақда маълумотлар, шунингдек, фойдаланувчиларнинг электрон почта манзиллари, шифрланмаган пароллар, IP ва уй манзиллари, смартфон моделлари ва алоқа воситаларининг идентификаторлари мавжуд. Маълумотларнинг умумий ҳажми — 1,2 ТБ. Кўпгина дастурлар Google Play ва AppStore да 1 млн дан ортиқ юкламаларга эга ва фойдаланувчилар томонидан берилган умумий рейтинглари 4,5 дан юқори, дея таъкидлади vpnMentor тадқиқотчилари.

Асосан бундай хизматлардан давлат ёки провайдер томонидан блокланган сайтларга кириш учун, баъзида ўз маълумотларини яшириш учун фойдаланишади.

Экспертларнинг айтишича, ҳаттоки пуллик VPN хизматларини тақдим этувчи компаниялар ҳам маълумотларни сотаётганликда айбланганган ҳолатлари кузатилган.

Palo Alto Networks компаниясининг ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассиси Денис Батранковнинг фикрича, бу ҳолат «VPN индустрияси учун бу ҳақиқий индикатор бўлади — энди ҳеч ким ўзининг кузатилмаётганига амин бўла олмайди».

Мутахассисларнинг фикрига кўра, ушбу маълумот тарқалиши интернетда анонимликни ваъда қилувчи хизматларнинг хавфсиз эмаслигини ва бу спам-хабарларнинг тарқалиши, фишинг ва тақиқланган сайтларга киришга қарор қилган фойдаланувчиларнинг шантаж қилинишига олиб келиши мумкинлигини кўрсатади.