Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 июль куни коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолади.

«Ўзбекистон 24» телеканалининг хабар қилишича, иккинчи чоракда карантин чоралари даврида 1056 та корхонанинг (15 фоиз) савдо айланмаси ҳажми биринчи чорак билан таққосланганда 5,5 трлн сўмга қисқарган, 3000 та корхонада (41,6 фоиз) ишчилар сони 14,8 мингтага, 5620 та корхонада (78,5 фоиз) эса Меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси ҳажми 65 млрд сўмдан кўпроққа қисқарган.

Ҳужжатга мувофиқ, 2020 йил 1 июлдан 31 декабрга қадар тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун:

умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар (8 фоиз) айланмадан олинадиган солиқдан озод қилинади;

жисмоний шахслар эса кўчмас мулкни ижарага беришдан олинадиган даромадлардан солиқ тўлашдан озод қилинади;

мол-мулкларни (бино ва автомобиль транспорти) ижарага берувчи жисмоний шахслар учун ижара тўловининг энг кам ставкаларини солиққа тортиш мақсадида қўлланилаётган тартиблар бекор қилинмоқда. Турар жой бинолари учун ижаранинг энг кам ставкаси кв. м учун ойига 3500−12000 сўм, нотурар жойлар учун 6500−25000 сўм, авто учун эса ойига 500 минг сўмдан 1 млн сўмгачани ташкил этмоқда;

ижара берувчиларга 2020 йилда ижара тўловларини, шу жумладан, тақдим этилаётган солиқ имтиёзларини ҳисобга олган ҳолда, камайтириш мақсадида қайта кўриб чиқиш тавсия этилди.

Бундан ташқари, 1 июлдан умумий овқатланиш корхоналари кичик тадбиркорлик субъектларига тақдим этилаётган имтиёз ва преференциялардан фойдаланишлари учун ходимларнинг ўртача йиллик сони 25 нафардан 50 нафаргача оширилди.

2020 йилда Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган ҳолларда солиқ ҳисоботларини топшириш муддатидан 5 кундан ошмаган бўлса, солиқ қонунчилигида белгиланган солиқ ҳисоботларини тақдим этмаслик учун жарима қўлланилмайди.

2020 йил 31 декабрга қадар президентнинг 18 майдаги фармони (ПФ-5996) билан белгиланган солиқ имтиёзлари ва преференцияларнинг амал қилиниш муддати узайтирилади. Жумладан:

  • кичик тадбиркорлик субъектлари;
  • бозорлар ва савдо мажмуалари;
  • кинотеатрлар;
  • умумий овқатланиш жойлари;
  • жамоат транспортлари ташкилотлари;
  • спорт-соғломлаштириш муассасалари;
  • шунингдек, йўловчиларни ташиш, маиший хизмат кўрсатиш, ёпиқ жойларни ижарага бериш, шу жумладан банкетлар ташкил этиш билан шуғулланадиган юридик шахслар мол-мулк ва ер солиғи тўлашдан озод қилинади.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12%дан 1%га пасайтирилади. Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган давлат корхоналари ва юридик шахслар бундан мустасно.

Тадбиркорлар учун товарларни (ишларни, хизматларни)ни олиб киришда (импорт) қўшилган қиймат солиғини тўлашни 120 кунгача кечиктириш ҳуқуқи берилади.

Микрофирма ва кичик корхоналарнинг айланма маблағлари камайишининг олдини олиш мақсадида 2020 йил 15 май ҳолатига солиқ қарзлари ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун пеня ва ҳисобланган жарималар бўйича қарздорликларини ундириш тўхтатилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондига, «Саховат ва кўмак» фондига, «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига, шу жумладан уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги бўлинмаларига беғараз бериладиган товарлар (хизматлар) қўшилган қиймат солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва жисмоний шахсларнинг даромад солиғи бўйича имтиёзлар 2020 йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилади.

14 ёшгача болалари бўлган оилалар нафақаси, шунингдек, икки ёшгача бўлган бола парвариши бўйича нафақаларга жисмоний шахслар даромадларига солиқ ҳисоблашда умумий даромад сифатида қаралмайди.

2021 йил 1 июлга қадар умумий овқатланиш корхоналари туташ ҳудудларга ёзги террасаларни ҳокимиятларни хабардор қилиш йўли билан бепул жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлди. Ушбу давр мобайнида ҳокимиятлар билан шартнома тузмасдан, бироқ солиқ органларини хабардор қилган ҳолда автотранспорт воситалари, жумладан, автодўконлар, автотиркамалар, автоцистерналар ва фудтраклар орқали савдони амалга оширишга рухсат берилади.