Президент Шавкат Мирзиёев бош вазир Абдулла Ариповга кислород концентраторлари ва пульсоксиметрларни Ўзбекистонга тезкор етказиш бўйича чоралар кўришни топшириқ берди. Бу ҳақда давлат раҳбари 20 июль куни мамлакатда амалга оширилаётган пандемияга қарши кураш ишларига бағишланган видеоселектр йиғилиши давомида айтиб ўтди.

Унда президент томонидан пандемия даврида ҳар бир беморни даволаш учун кислородга эҳтиёж кескин ортиши билдирилиб, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникаси, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация маркази, Тошкент шахар 1-сон клиник шифохонаси, Республика биринчи ва иккинчи сон клиник касалхонасида ҳамда барча янги очилаётган «провизор» шифохоналарида 1000 дан ортиқ кислород ўтказадиган нуқталар сонини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳри хокимлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда ҳар бир туман ҳокими ўз ҳудудида жойлашган тиббиёт муассасаларини доимий асосда кислород билан тўлдириб боришга шахсан масъуллиги белгиланди.

«Чет давлатларда ўпка яллиғланган ҳар бир бемор учун зудлик билан кислород концентраторларига махсус ниқоблар кийгизиш орқали ҳаво олишини енгиллаштириб, қўлига пульсоксиметр тақилмоқда ва бу билан беморнинг нафас етишмовчилиги бартараф қилинмоқда», — дейилади хабарда. Шу боис, бош вазирга мазкур тиббиёт жиҳозларини имкон қадар қисқа муддатларда мамлакатга етказиш топшириғи берилди.

Бунинг учун, агар керак бўлса, махсус самолёт ажратилиши, тадбиркорлар томонидан кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб кириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўрилиши лозимлиги қайд этилди.