France Football нашри 2020 йилда «Олтин тўп» мукофоти берилмаслигини эълон қилди.

Журнал буни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган ҳолатлар билан изоҳлади, бунинг натижасида мукофотни топшириш учун адолатли шароитлар йўқлигини билдириб ўтди. Ўз ўрнида, бошқа совринлар ҳам эгасиз қолади: энг яхши дарвозабон, энг яхши ёш ўйинчи ва энг яхши аёл футболчига бериладиган мукофотлар.

«Биз ушбу мукофотнинг таърифида „коронавирус инқирози туфайли фавқулодда ҳолатларда қўлга киритилган мукофот“, деган изоҳ ёзишни хоҳламаймиз», — дейилади журнал баёнотида.

Нашр баъзи мамлакатларда футбол мавсуми муддатидан олдин якунланганини инобатга олган ҳолда, футболчиларни адолатли баҳолаб бўлмаслигини қайд этиб ўтди.

Хабар қилинишича, энг яхши футболчи унвони 1956 йилда таъсис этилганидан бери биринчи марта қолдирилмоқда. Эслатиб ўтамиз, «Олтин тўп» мукофотининг амалдаги эгаси «Барселона» ҳужумчиси Лионел Месси ҳисобланади.