Коронавирус пандемияси даврида аҳолининг тиббий ёрдамга ўсган эҳтиёжини қондириш мақсадларида «Ўзавтосаноат» АЖ корхоналари томонидан Volkswagen Caddy, ISUZU D-Max ва Chevrolet Damas автомобиллари базасида махсус жиҳозланган тез тиббий ёрдам автомобиллари тақдим этилди, дея хабар берди акциядорлик компаниясининг матбуот хизмати.

Таъкидланишича, «Жиззах автомобиль заводи» ҳам Тошкент шаҳар тиббиёт муассасаларига Volkswagen Caddy базасида тез ёрдам автомобилларини кейинги ҳафтадан етказиб беришни бошлайди.

«Автомобильни жиҳозлаш билан Турин политехника университети битирувчиларидан иборат Turin Invest Engineering маҳаллий компанияси шуғулланмоқда. Компания муҳандислик ишланмалари (лойиҳалаштиришдан то фойдаланишга топширишгача)га ихтисослашади. Компания тасарруфида мехатроника, метрология лабораториялари ва мамлакатда ўхшаши бўлмаган юксак технологик жиҳозлар мавжуд», — дейилади хабарда.


Бундан ташқари, Самарқанд автомобиль заводидан ҳам Isuzu D-Max пикапи базасидаги амбуланслар партияси йўлга чиқди: 27 та тез ёрдам машинаси шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасига топширилди.

Isuzu D-Max пикапи базасидаги тез тиббий ёрдам автомобилининг янги модели Самарқанд заводида 2020 йил май ойидан бошлаб чиқарилмоқда. Автомобиль юқори ўтувчанликка эга, манёврчан ва ишончлилиги ҳамда тежамкорлиги билан ажралиб туради. Бундан ташқари, амбуланс, айнан қайси тиббий йўналишда ишлатилишига қараб, талаб ва мақсадларга кўра қўшимча жиҳозланиши мумкинлиги таъкидланади.


Тез ёрдам хизмати махсус санитар автопаркини кенгайтириш ва пандемия даврида беморларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш мақсадларида UzAuto Motors мамлакат минтақаларига Chevrolet Damas автомобили базасида тайёрланган тез ёрдам автомобиллари партиясини жўнатди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги талабларига мувофиқ жиҳозланган 250 дона тез ёрдам автомобили пойтахт ва минтақалар ҳокимликлари буюртмасига кўра етказиб берилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан COVID-19 пандемияси билан самарали курашиш учун 50 дона Damas русумли автомобиллар харид қилингани ҳақида хабар бергандик.