20 июль куни мамлакатимизда 562 та коронавирус ҳолати аниқланиб, умумий кўрсаткич 17314 тага етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Янги ҳолатларнинг 63 таси карантин муассасаларида, 499 таси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Шу билан бирга, бугун Тошкент шаҳрида 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, умумий кўрсаткич 91 тага етди. Эътиборлиси, мамлакатда 13 июлдан буён ҳар куни бир хил — 4 тадан ўлим ҳолати ҳақида маълум қилинмоқда.

Тошкент шаҳри, Самарқанд, Андижон, Бухоро ҳамда Жиззах вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида 184 нафар бемор соғайди ва жами соғайганлар 9 463 нафар, даволаниш кўрсаткичи эса 55 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 7 760 нафар бемордан 79 нафари оғир, 29 нафари эса ўта оғир аҳволда.

️Ҳозирда мамлакатда уй карантинида 62 361, стационар карантинда 24 628, жами 86 989 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.