20 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 16966 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 34 нафари Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида, 76 нафари Тошкент шаҳрида тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида, 32 нафари Андижон вилоятида, 26 нафари Наманган вилоятида, 21 нафари Сирдарё вилоятида, 11 нафари Қорақалпоғистонда, 9 нафари Жиззах вилоятида ҳамда 5 нафари Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан 7599 киши даволанмоқда. Улардан 81 нафари оғир, 23 нафари ўта оғир аҳволда, дея баҳоланмоқда.

Айни пайтда мамлакатда 9279 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган.

Бундан ташқари, 20 июль куни COVID-19 асоратларидан вафот этган беморлар сони 88 нафарга етди.

Навбатдаги бемор ўлими Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 60 ёшли Ф.Т. (аёл) бўлиб, у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган маълум қилинади.

Қайд этилишича, беморда 8 июль куни «COVID-19» тасдиқланган ва у Вирусология илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган.

«Унга „COVID-19“ инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Беморда касаллик сепсис, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилик каби асоратлар билан кечган. Шунингдек, у юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардия, қандли диабет каби ҳамроҳ хасталиклар билан ҳам оғриган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.