Кинорежиссёр Сарвар Каримов 63 ёшга кирган отасининг коронавирус инфекциясидан вафот этганини маълум қилди.

«Бугун дадам қазо қилдилар. Коронавирусдан. Лекин ташҳис қўйилмади. Бир ҳафта уйда даволадик. 103 га телефон қилсак, беморнинг иситмаси бўлса келолмаймиз дейишди. Уларни ҳам тушунаман, на дориси бор, на ҳимоя воситаси. Расмий статистикага ишонманг, ўзингиз ва яқинларингизни асранг», — деб ёзди режиссёр Twitter саҳифасида.

Сарвар Каримов («Сеҳрли қалпоқча», «Сариқ девни миниб», «Сарвиқомат дилбарим» ва бошқа фильмлар режиссёри) оиласининг ҳафта давомида тез ёрдам чақиришга ҳаракат қилганини таъкидлади.

«Давлатга ишонманг. Расмийларнинг барча гапи ёлғон. Ишонч рақамларига телефон қилиб тушиб бўлмайди, тушсангиз ҳам бошқа номерни бериб юборади. Биз дадамизга бир ҳафта „скорый“ чақиролмадик. Охири [инфекция] ўлкаларига ўтиб кетиб, жонлари узилди. 63 ёшда эдилар. 10 кун аввал соппа соғ эдилар», — деб ёзди у.

Сарвар Каримов ҳозирда бутун оиласи коронавирусга чалинганини маълум қилди.

«Бу гапларни ёзишимдан мақсад — давлат ёрдамидан умидингизни узинг. Кўчага чиқманг, айниқса катталарни эҳтиёт қилинг. Ҳозир бутун оиламиз COVID-19 га чалинган (расмий). Ўзимизни ўзимиз даволаяпмиз, чунки бошқа илож йўқ. Дуо қилинглар, тузалиб кетайлик. Аллоҳ шифо берсин ҳаммамизга», — деб ёзди режиссёр.