16 июль куни бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясининг йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда, пандемия даврида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш узлуксизлигини таъминлаш, коронавирусга текширувларни тезкор ва самарали ташкил этиш ва беморларни керакли дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича биринчи галда қилинадиган ишларга эътибор қаратилди.

Комиссия йиғилишида уйида даволанаётган коронавирус беморларини бепул дори-дармонлар билан таъминлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, уларга етказиб бериладиган дори-дармонлар руйхати тасдиқланди.

Бундан буён коронавирус касаллигидан уйида даволанаётган беморларга «Гидроксихлорохин», «Азитромицин», «Парацетамол», «Витамин С» каби дори-дармонлар ҳамда бир марталик тиббий ниқобларни белгиланган меъёрда, бепул етказиб бериш йўлга қўйилади.

Коронавирус инфекцияси бўйича тест натижалари мусбат натижа берган ҳамда касаллик енгил кечаётганлиги сабабли шифокорлар тавсиясига асосан уйида даволанаётган беморлар мазкур тиббий воситалар билан бепул таъминланади.

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда тегишли идораларга зудлик билан мазкур дори-дармонларнинг 50 мингта тўпламини шакллантириш ва уйида даволанаётган беморларга етказиб бериш тизимини йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.

Олдинроқ хусусий клиникаларга коронавирус беморларини даволаш учун рухсат берилгани ҳақида маълумот берилган эди.