15 июль куни Ўзбекистон Ҳарбий судида айбланувчи А. Ярбабаев ва Е. Ярбабаеваларга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди, дея хабар берди Олий суд матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Суд ҳайъати судланувчи А. Ярбабаев ва Е. Ярбабаеваларни Жиноят кодексининг 157-моддаси (давлатга хоинлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди.

Шу ўринда суд содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, судланувчиларнинг шахси, оилавий аҳволи каби жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар эътиборга олиниб, А. Ярбабаевга 11 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

А. Ярбабаевнинг турмуш ўртоғи Е. Ярбабаевага суд Жиноят кодексининг 57-моддаси қўллаб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Шу билан бир қаторда, Е. Ярбабаеванинг тергов ва судда жиноятларни фош этишга фаол ёрдам берганлиги ва ишдаги бошқа жавобгарлигини енгиллаштирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддаси қўлланиб, 3 йилга синов муддати белгиланган ҳолда шартли равишда жазодан озод этилгани маълум қилинади.