Хоразм вилоятида «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси мансабдор шахсларининг 2,7 млрд сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилди.

Ягона буюртмачи хизмати уй-жой фондини, турар-жой бўлмаган бинолар ва иморатларни, муҳандислик асбоб-ускуналарини, уйларга ёндош ҳудудларни зарур даражада сақлаш ва тузатишни, барча тўловларни ҳисоб-китоб қилиш ва йиғишни, пудрат ташкилотлари ва хизмат кўрсатувчилар билан ҳисоб-китоб қилишни ҳамда фуқароларнинг яшаши учун шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган уй-жой фондини бошқаришни амалга оширишга ваколатли ташкилот ҳисобланади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда компания ходимлари тендер савдоларисиз 41 та ҳолатда компания раҳбарининг раислигидаги ички танловлар асосида, қурилишда муҳим аҳамиятга эга бўлган техника воситалари, молиявий аҳволи, ишчи кучи ва бошқа имкониятлари бўлмаган пудратчи ташкилотларга қурилиш объектларни топширгани аниқланди.

Ҳақиқатда бажарилмаган курилиш ва таъмирлаш ишларини хужжатларда қўшиб ёзиш орқали, 2019−2020 йилларда жами 2,7 млрд сўм бюджед маблағларни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бош прокурор Ниғматулла Юлдашев май ойида Сенат ялпи мажлисидаги чиқишида 2019 йилда қурилиш соҳасида 75 млрд сўмлик ўғриликлар аниқланганини маълум қилган эди.