17 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 15349 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 93 нафари Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида, 144 нафари Тошкент шаҳрида тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида, 25 нафари Самарқанд вилоятида, 21 нафари Сурхондарё вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан 6490 киши даволанмоқда. Улардан 58 нафари оғир, 7 нафари ўта оғир аҳволда, дея баҳоланмоқда.

Айни пайтда мамлакатда 8783 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган.

Бундан ташқари, 17 июль куни COVID-19 асоратларидан вафот этган беморлар сони 76 нафарга етди.

Навбатдаги бемор ўлими Юнусобод туманида яшаган 48 ёшли фуқаро Т.Ё. (эркак) бўлиб, у ўткир миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинади.

Қайд этилишича, бемор тана ҳароратининг кўтарилиши сабабли намуна топширган ва 29 июнь куни унда «COVID-19» аниқланган. Беморда йўтал, ҳансираш белгилари кучайганлиги сабабли Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган.

«Унга миокард инфаркти, „COVID-19“ инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўнг ўпка спонтан пневмоторакси, нафас етишмовчилиги, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Текширувлар беморда аввалдан бронхиал астма касаллиги мавжуд бўлганини кўрсатган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида амалга оширилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор ўткир миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.