Туркманистонда масжидлар, черковлар ва бошқа ибодат муассасалари ҳамда зиёратгоҳлар вақтинчалик ёпилди, дея хабар берди қўшни мамлакатнинг Arzuw News нашри мамлакат Муфтият бошқармасига таяниб.

«Ўткир юқумли касалликларга қарши курашишга тайёргарлик кўриш бўйича давлат режаси доирасида Туркманистонда масжидлар профилактика мақсадида вақтинча ёпилди», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, ушбу вақтинчалик ўрнатилган чеклов чоралари 23 июль кунига қадар мусулмон зиёратгоҳларига ҳам қўлланилади.

Бундан ташқари, мамлакатда бир нечта кун давомида ташриф билан бўлган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг юқори даражадаги мутахассислари Туркманистондаги санитария-эпидемиологик вазият бўйича ўзларининг якуний хулосасини маълум қилишди.

Унга кўра, ЖССТ делегацияси Туркманистоннинг турли амбулатория ва бошқа тиббий муассасаларида, лабораторияларида ва бошқа муҳим жойларга бўлган ташрифи давомида улар мамлакатда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолатларни қайд этилмаган.

«Ўз вақтида амалга оширилган аниқ чоралар натижасида Туркманистонда COVID-19 тасдиқланган ҳолатлари қайд этилмаган», — деди ЖССТнинг техник маслаҳат миссияси раҳбари Кетрин Смолвуд.

Маълумот учун, дунё бойлаб COVID-19 пандемияси эълон қилинганидан буён фақатгина Туркманистон ва Шимолий Кореяда ҳамда бир қанча кичик орол давлатларда (Кирибати, Самоа, Соломон в.ҳ.к) коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.