Президент 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида Соғлиқни сақлаш тизимини танқид қилиб, соҳани яхшилаш бўйича бир қатор топшириқлар берди.

Ушбу топшириқларнинг қандай ижро этилиши бўйича Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, биринчи топшириқ фуқаролар ўзи безовта бўлаётган ҳолатлар юзасидан тиббиёт муассасаларига 103 рақами орқали тез ёрдамга мурожаат қилишларида бирон бир бандлик ҳолатлари бўлмаслиги тўғрисида.

«Бундан буён ҳар бир фуқаромиз «103»га мурожаат қилганда, бандлик ҳолатлари, айниқса узоқ вақт банд бўлиш ҳолатларига мутлақо чек қўйилади», — деди Ниғматилла Йўлдошев.

Иккинчи топшириқ — тез тиббий ёрдам хизматини яна кучайтириш. Бу борада тегишли малакали тиббиёт ходимлари, тиббий техника воситалари ва транспорт воситаларини янада кўпайтириш, аҳолига қулай тез ёрдам кўрсатиш вазифаси қўйилгани маълум қилинди.

«Бундан буён 15 дақиқадан кўп бўлмаган вақтда зудлик билан тез тиббий ёрдам автомашиналари тегишли ходимлар билан етиб бориши тўлиқ таъминланади», — дея таъкидлади Бош прокурор.

Учинчи топшириқ фуқаролар тест намуналарини ўз вақтида олиш ва уларнинг жавобларини имкон қадар зудлик билан чиқаришга тегишли.

«Тест намуналари таҳлилларини узоғи билан эртаси кунига (тест топширгандан сўнг — таҳр.) чиқариб бериш ва жавобларни мурожаат қилган фуқароларимизга ўз вақтида етказиш чоралари ҳам кўрилади», — дея қайд этди у.

Шунингдек, Ниғматилла Йўлдошевнинг сўзларига кўра, президент видеоселектр йиғилиши давомида берган энг асосий топшириқлардан бири тиббий дори-дармонларга, тиббиёт воситаларига бўлган эҳтиёжни тўлақонли қондириш бўлган. Бу борада, 15 июль куни прокуратура органлари томонидан Тошкент шаҳридаги мавжуд 1700дан ортиқ дорихоналар раҳбарлари расман огоҳлантирилгани маълум қилинди.

«Коронавирусдан профилактика қилиш учун 5 турдаги ва касалликни даволашга мўлжалланган 9 турдаги мажбурий тартибдаги дори воситаларини камида 1 ой, ёки 2−3 ойлик захирасини тўлиқ таъминлаш ва уларни арзон нархларда аҳолига сотиш тартиби ҳам жорий қилинди», — дея таъкидлади Бош прокурор.

Эслатиб ўтамиз, 15 июль куни юқорида қайд этилган йиғилиш давомида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ва соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани учун ҳайфсан эълон қилинганди.