Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Уринбаева Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси бош юрисконсульти вафот этгани ва унда коронавирус инфекцияси тасдиқланганини маълум қилди.

Хабарда Адлия вазирлиги жамоаси Давлат хизматлари агентлигининг Навоий вилояти бошқармаси бош юрисконсульти Адҳамжон Дехкановнинг коронавирус инфекциясидан бевақт вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

«Адҳам Дехканов ҳақида фақат илиқ фикрлар қолди. Кўп йиллар малакали ҳуқуқшунос сифатида халқ хизматида бўлган, асосан ҳуқуқ тартибот идораларида фаолият юритган, прокуратура тизими учун қатор ислоҳотларда иштирок этган Адҳамжон Дехканов 2018 йилнинг декабрь ойидан Давлат хизматлари агентлиги соҳасига кириб келди, тизимда ёшларга мураббийлик қилди», — дейилади хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлини томонидан эълон қилинадиган COVID-19 ўлимлари статистикасида бу ҳолат қайд этилмаган.

Аввалроқ, Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов вафот этган яна бир нафар ИИВ ходими коронавирус инфекцияси аниқланганини «Газета.uz» га тасдиқлаганди. Унинг ўлим ҳолати ҳам ССВнинг статистикасида қайд этилмаган.