Американинг Honeywell UOP компанияси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига «Евро-5» стандартидаги бензин ишлаб чиқариш учун технологиялар тақдим этади. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» компанияси матбуот хизмати хабар қилди.

Бухоро НҚИЗ ва Honeywell ўртасида технологик ускуналар ҳужжатлари пакетини ишлаб чиқиш бўйича битим ва лицензия шартномаси ҳам имзоланди.

Модернизация ва қайта қуриш лойиҳаси мавжуд қувватларни қайта ишлаш чуқурлигини 79 фоиздан 95 фоизгача ошириш, ёруғ нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини 77 фоиздан 91 фоизгача ошириш ва «Евро 5» стандарти талабларига жавоб берадиган нефть маҳсулотларини ишлаб чиқаришга йўналтирилган.

Март ойида завод Ўзбекистонда биринчи бўлиб «Евро-4» ва «Евро-5» стандартларидаги дизель ёқилғисини ишлаб чиқишга киришган эди. Биринчи босқичда ишлаб чиқариш қуввати йилига 100 минг тонна маҳсулотни ташкил этади.

Аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» Бухоро НҚИЗда 2019−2025 йилларда 553 млн долларлик модернизация ишлари олиб борилиши тўғрисида хабар қилган эди. Лойиҳа уч босқичда амалга оширилиб, унга кўра ҳар йили 2,5 млн тонна нефть ва газ конденсати қайта ишланади. Натижада 1,2 млн тонна «Евро-5» стандартидаги бензин, 200 минг тонна авиакеросин, 750 минг тонна дизель ёқилғиси ва 30 минг тонна мазут ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳа Жанубий Кореянинг SK Engineering компанияси томонидан ишлаб чиқилади, ўзбек томони ва хорижий инвесторларнинг тўғридан-тўғри сармоялари ҳисобидан молиялаштирилади.