«Ўзбекистон 24» телеканали мамлакатда коррупция фактларига бағишланган репортажида Тошкентнинг туман ҳокимлиги ва мамлакатнинг бир қатор олий ўқув юртларида порахўрлик ҳолатлари ҳақида сўз юритди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Бектемир тумани ҳокимлиги масъул ходими тадбиркорга янги қурилаётган ер усти метроси остидан тижорий мақсадда фойдаланиш учун бўш ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, 4 минг АҚШ доллари пора олаётган вақтда Тошкент шаҳар ДХХ бошқармаси ҳамда шаҳар прокуратураси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Олиб борилган тезкор тадбир давомида, Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси ва пойтахт прокуратураси талаб қилинган суммани олаётганда ҳокимият вакилини қўлга олди. «Газета.uz» манбасининг хабар беришича, ҳибсга олинган ходим Бектемир туман ҳокимликнинг молия-иқтисодиёт ва қамбағалликни қисқартириш котибиятининг бош мутахассиси бўлиб чиқди.

Бундан ташқари, Самарқанд вилоят ДХХ бошқармаси ҳамда Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир жараёнида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти доценти фуқарони ушбу ОТМга ўқишга олиб киришни ваъда қилиб, 10 минг АҚШ доллари олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Аниқланишича, 2018 йилда доцент фаолиятида жиддий қоидабузарликлар учун институт раҳбарияти томонидан ишдан бўшатилган. Бироқ, у адолатсиз равишда ишдан бўшатилганини даъво қилиб, судга мурожаат қилгани. Натижада, 2 июль куни у ишга қайта қабул қилинган, аммо бир неча кундан кейин у ноқонуний пора олаётганда ушланган, дейилади дастурда.

Самарқанд вилояти Ургут тумани Марказий кўп тармоқли поликлиникаси шифокори ўзининг юқори мартабали танишлари орқали 3 нафар фуқарони Самарқанд тиббиёт институтига ўқишга олиб киришни ваъда қилиб, 18 минг АҚШ доллари олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Тадбир давомида унинг ҳамкори бўлган Шошилинч ёрдам кўрсатиш Республика илмий маркази Самарқанд вилоят бўлими шифокори ҳам қўлга олингани таъкидланади.

Шу каби ҳолат яна Қорақалпоғистонда содир этилган. Нукус давлат педагогика институти декани ўринбосари Кегайли туманида яшовчи фуқарони ўзи ишлайдиган ОТМга ўқишга олиб кириб қўйишни ваъда қилиб, 3 минг АҚШ доллари олаётган вақтда ДХХ ва прокуратура ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Нукус давлат педагогика институтининг яна бир ходими Беруний туманида истиқомат қилувчи 4 нафар фуқарони ўқишга олиб киришни ваъда қилиб, 8 минг АҚШ доллари олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олингани қайд этилади.

Бундан ташқари, «Бухоро давлат университетининг ўқитувчиси ҳам Жондор туманида яшовчи фуқарони ўзи ишлайдиган ОТМга ўқишга олиб кириб қўйишни ваъда қилган ва $4000 доллар олаётган вақтда ДХХ ҳамда прокуратура органлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган», — дейилади телерепортажда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Бош прокуратура 2020 йилда мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлари оқибатида мамлакатга 172,2 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказилгани ҳақида хабар берганди.