2020 йили январь-июнь ойларида мамлакат ички бозорида чет эл валютасига талаб 8,2 млрд АҚШ доллари, таклиф эса 4,3 млрд АҚШ долларига тенг бўлди. Бу ҳақда Марказий банк ички валюта бозори бўйича қисқача шарҳда маълум қилди.

Унга кўра, Марказий банк миллий валютанинг алмашув курси динамикаси ички валюта бозоридаги талаб ва таклифнинг фундаментал факторлари ҳамда ташқи омиллар таъсирида шаклланганини таъкидлади.

Хусусан, ҳисобот йили бошидан миллий валюта курси 7,2 фоизга, июнь ойида эса 0,4 фоизга қадрсизланди.

Ички валюта бозоридаги операциялар

Шарҳга кўра, 2020 йилнинг биринчи ярмида ички валюта бозоридаги операцияларнинг умумий ҳажми 8,2 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, 2018 ва 2019 йилларнинг тегишли даврларига нисбатан мос равишда 1,8 ва 1,2 баробарга ўсди. Бундан 1,7 млрд доллар жисмоний шахлар хариди ва қолган 6,5 млрд доллари юридик шахслар томонидан амалга оширилган валюта харидларига тўғри келди.

Ички валюта бозори сегментлари кесимида чет эл валютасига бўлган талабнинг ўзгариш динамикаси — млн АҚШ долларда

Манба: Марказий банк

Чет эл валютасига бўлган талаб

Юридик шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб 2020 йилнинг дастлабки 6 ойлигида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7 фоизга ўсиб, 6,5 млрд АҚШ долларини ташкил этди (2019 йил январь-июнь ойлари — 6,1 млрд АҚШ долл).

Қайд этилишича, ҳисобот даврида, биржадан ташқари валюта бозорида хўжалик субъектлари томонидан 1,6 млрд АҚШ доллари миқдорида чет эл валютаси сотиб олиниб, валюта биржасидаги операциялар ҳажми эса 4,9 млрд АҚШ долларини ташкил этди.

Шу билан бирга, апрель ойида карантин чекловлари ўрнатилгани сабабли юридик шахслар томонидан чет эл валютаси билан боғлиқ амалга оширилган операциялар ҳажми сезиларли пасайган (сотув — $236 млн, харид — $116 млн). Бироқ, бу кўрсаткичлар аста-секин карантиндан олдинги ўсиш суръатларини кўрса бошлади.


2020 йил январь-июнь ойларида биржадан ташқари валюта бозоридаги операциялар ҳажми динамикаси (банкларнинг юридик шахслар билан тўғридан-тўғри операциялари) — млн АҚШ долларида

Манба: Марказий банк

Марказий банк шарҳига кўра, валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш мақсадлари таркибида асосий улуш (63 фоиз) ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, товарлар ва хомашё импорти, 21 фоизи — халқ истеъмоли товарлари ва дори-дармон маҳсулотлари импорти, 13 фоизи — хорижий кредитларни сўндириш, қолган 3 фоизи — бошқа мақсадлар учун харид қилинган.


2020 йилнинг январь-июнь ойлари давомида чет эл валютасини сотиб олиш мақсадлари таркиби

Манба: Марказий банк

Маълум қилинишича, муайян даврда ички валюта бозорида чет эл валютасини харид қилган хўжалик юритувчи субъектларнинг ойлик ўртача сони 6253 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисабатан деярли ўзгаришсиз қолди (2019 йили — 6153 та).

Жисмоний шахслар билан амалга оширилган операциялар

Ҳисобот даврида жисмоний шахслар томонидан валюта айирбошлаш шохобчалари орқали сотилган чет эл валютаси миқдори 2,2 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 баробар (797 млн АҚШ долларига) ошгани маълум қилинди.

Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан 1,7 млрд АҚШ доллари сотиб олиниб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос нисбатан 3,1 баробар ўсди.

«Халқаро пул ўтказмалари орқали республикага келиб тушган валюта маблағлари ҳажми 2,4 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 160 млн долларга камайди. Бунда жорий йилнинг июнь ойида пул ўтказмалари ҳажми май ойига нисбатан 27 фоизга ўсиб, 621 млн АҚШ долларни ташкил этди», — дейилади шарҳда.

2020 йил январь-июнь ойларида жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган операциялар ҳажми — млн АҚШ доллар

Манба: Марказий банк

Чет эл валютасига бўлган таклиф

2020 йилнинг I ярим йиллигида ички валюта бозорида хорижий валютадаги умумий таклиф ҳажми (Марказий банк интервенцияларини ҳисобга олмаган ҳолда) 4,3 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга камайди.

Бунда ҳисобот даврида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 2,7 млрд АҚШ доллари сотилган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2019 йилнинг мос даврига нисбатан деярли ўзгаришсиз қолди (2019 йилда — 2,8 млрд. АҚШ доллари).


Ички валюта бозоридаги таклиф манбалари улуши

Манба: Марказий банк

Ҳисобот даврида Марказий банкнинг валюта интервенциялари олтин-валюта заҳираларининг нейтраллиги принципига асосланган ҳолда амалга оширилганлиги билдирилади.

Таъкидланишича, Марказий банк томонидан ички валюта бозорига 2,2 млрд АҚШ доллари ҳажмида интервенция амалга оширилиб, мазкур даврда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган монетар олтин ҳажми доирасида бўлди.

2019−2020 йиллар январь-июнь ойларида валюта биржасида амалга оширилган операциялар ва Марказий банк интервенциялари ҳажми —млн АҚШ доллар

Манба: Марказий банк

2020 йилнинг биринчи ярмида импортни молиялаштириш манбалари таркибида ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар (конвертация) улуши 58 фоизни, хорижий валютадаги ўз маблағлари ҳисобига импортни молиялаштириш улуши 21 фоизни ташкил этгани маълум қилинади. 2019 йилнинг тегишли даврида ушбу кўрсаткичлар мос равишда 50 ва 23 фоизга тенг бўлган.


2019−2020 йилларнинг январь-июнь ойлари давомида импортни молиялаштириш манбалари

Манба: Марказий банк