Давлат молиявий назорати департаменти томонидан 2020 йилнинг 1-ярим йиллигида Иш режа, Ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг топшириқлари асосида 2 584 та молиявий назорати тадбирлари ўтказилди, дея хабар қилди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Молиявий назорат тадбирларининг асосий қисми — 2010 таси (79%) бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши юзасидан ўтказилган бўлиб, назорат тадбирларида 81,7 млрд сўм миқдорида бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади каби ҳолатлар аниқланди. Ноқонуний сарфланган маблағларнинг 57,4 млрд сўми (70%) тегишли бюджетларга тикланди.

Ҳисобот даврида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ва бошқа хато-камчиликларнинг таҳлили вазирликлар бўйича қуйидагиларни ташкил этди:

Халқ таълими вазирлиги тизимида — 297 та назорат тадбирининг 235 тасида 21,5 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилнинг мос даврига (9 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 2,5 мартага ошган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида — 285 та назорат тадбирининг 205 тасида 14,1 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилнинг мос даврига (6,1 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 2,3 мартага ошган.

Мактабгача таълим вазирлиги тизимида — 151 та назорат тадбирининг 119 тасида 6,9 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилнинг мос даврига (4,3 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 1,4 мартага ошган.

Маданият вазирлиги тизимида — 170 та назорат тадбирининг 162 тасида 2,6 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилнинг мос даврига (1,4 млрд.сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари қарийб 2 мартага ошган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизимида ўтказилган 168 та назорат тадбирларининг 154 тасида 2 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилнинг мос даврига (0,5 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 3,4 мартага ошган.

Сув хўжалиги вазирлиги тизимида — 33 та назорат тадбирининг 29 тасида 1,4 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида — 18 та назорат тадбирининг 15 тасида 0,9 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилнинг мос даврига (0,4 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 2 мартага ошган.

Бундан ташқари, ҳокимиятлар ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияларида ўтказилган 85 та назорат тадбирларининг 78 тасида 4 млрд сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 2019 йилнинг мос даврига (2,8 млрд сўм) нисбатан қонунбузилиш ҳолатлари 1,4 мартага ошган.

Шунингдек, йирик миқдорда қонунбузилиш ҳолатлари Андижон (8,9 млрд сўм), Қашқадарё (8,2 млрд сўм), Тошкент (6,2 млрд сўм), Жиззах (5,5 млрд сўм), Сурхондарё (5,4 млрд сўм), Наманган (4,6 млрд сўм), Фарғона (4,4 млрд сўм) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри (7,9 млрд сўм) ва Қорақалпоғистон Республикаси (5,5 млрд сўм)даги бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда аниқланган.

Бюджет қонунчилиги бузилган бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларнинг 47 нафар раҳбари ва бошқа манбасдор шахслари ўрнатилган тартибда 35 млн сўм миқдорида жарима торитилган.

Шунингдек, 1246 та назорат тадбирларида аниқланган 79,4 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари қонуний чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.