16 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 14787 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 53 нафари Карантин марказидаги (барчаси хориждан келган) фуқаролар орасида, 101 нафари Тошкент шаҳрида тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида, 35 нафари Сурхондарё вилоятида, 17 нафари Қорақалпоғистонда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан 6060 киши даволанмоқда. Улардан 60 нафари оғир, 7 нафари ўта оғир аҳволда, дея баҳоланмоқда.

Айни пайтда мамлакатда 8655 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган.

Бундан ташқари, 15 июнь куни кечасида COVID-19 асоратларидан вафот этган беморлар сони 72 нафарга етди.

Навбатдаги бемор ўлими Юнусобод туманида яшовчи 55 ёшли Ш. А. (эркак) бўлиб, у ўткир нафас, сурункали жигар-буйрак ҳамда ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинади.

Қайд этилишича, 12 июль куни 2-сон юқумли касалликлар шифохонасидан оғир аҳволда тез тиббий ёрдам машинасида Зангиота туман кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинган. Аҳволи ўта оғирлиги сабабли бемор зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган ҳамда сунъий нафас олиш аппаратига уланган.

«Унга „COVID-19“ инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги билан кечган. Шунингдек, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас, сурункали жигар-буйрак ҳамда ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этган.