Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг биринчи раиси Анвар Курбанович Шарапов вафот этди, дея хабар берди қўмитанинг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, А. Шарапов ўз хизмат фаолияти давомида қатор давлат идораларида меҳнат қилган. Хусусан, узоқ йиллар мобайнида мамлакат тинчлиги, фаровонлиги йўлида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида (1993 — 2014 йиллар), Ўзбекистон Президенти Девонида (2014−2016 йиллар) масъул лавозимларда, хусусан президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат қилган.

Анвар Шарапов 2016 йил 14 декабрда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган ва бир йил давомида ушбу лавозимда фаолият юритган.

Маълум қилинишича, айнан Анвар Шарапов раислигида Ўзбекистон туризм соҳасидаги ислоҳотлар бошланган. Шу даврда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг таркиби тўлиқ шакллантирилган, вилоятларда ҳудудий департамент ва бошқармалар очилган, давлат унитар корхоналари ташкил қилинган.

«Анвар Курбанович ҳамкасблари орасида фидойи меҳнати билан бир қаторда ўзининг инсоний фазилатлари билан ҳам ёдда қолган: оқкўнгил, самимий ҳамда шогирдларига доим ёрдамга шай инсон бўлган», — дейилади хабарда.

Анвар Шарапов фидокорона меҳнатлари учун «Дўстлик» ордени ва «Жасорат» медали билан тақдирланган.