2020 йилда мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлари оқибатида мамлакатга 172,2 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Унинг 66 фоизи ундирилган, дея маълум қилди Бош прокуратура ўзининг «Мансабдор шахслар жиноятчилиги таҳлили»да.

Унга кўра, 2020 йили Бош прокуратура томонидан қўзғатилган жами 327 та жиноят иши бўйича 459 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган. Қиёслаш учун: 2019 йилда 398 та жиноят иши бўйича 537 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилган.

Бунда жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар мавқеи бўйича қуйидагича тақсимланган:

  • Республика миқёсидаги ходимлар — 4 нафар (2019 йили — 25);
  • вилоят миқёсидаги ходимлар — 13 нафар (2019 йили — 36);
  • туман (шаҳар) миқёсидаги ходимлар — 442 нафар (2019 йили — 476).

Ушбу мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар оқибатида мамлакатга етказилган 172,2 млрд сўм миқдорида моддий зарарнинг 66 фоизи қайта ундирилган. 2019 йилда эса ушбу кўрсаткич 1,66 трлн сўмга тенг бўлиб, жами етказилган зарардан 97,3 фоизи ундирилган.


Инфографика: Бош прокуратура

Содир этилган жиноят турлари бўйича тузилган таҳлилга кўра, мансабдор шахслар энг кўп содир этган жиноят турли — ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш бўлган (2020 йили — 180 нафари, 2019 йили — 250 нафари). Шу билан бирга, 57 нафар мансабдор шахс пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилган. Бу ўтган йилга нисбатан 14 та ҳолатга камроқ қайд этилган кўрсаткичдир (2019 йили — 71).

Шунингдек, 92 нафар мансабдор шахс фирибгарликка қўл ургани (2019 йили — 51), 16 нафари мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани (2019 йили — 23), 8 нафари ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиққани (2019 йили — 18) ва бошқа бир қатор жиноятлар қилгани аниқланди.

Инфографика: Бош прокуратура

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик марказининг бош шифокори ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди. Марказ мансабдор ва моддий жавобгар шахслари қарийб 510 млн сўмлик товар моддий бойликларини ўзлаштириш ва талон-торож қилганликда айбланмоқда.