Ўзбекистон Бош прокуратураси Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида судьяларнинг халқ олдида обрўсизлантирилиши ва суд ходимининг калтакланиши юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Аввалроқ мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан текшириш ўтказилаётгани хабар қилинган эди. Мазкур текширув натижасига кўра, Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.

Эслатиб ўтамиз, 10 июль куни жиноят ва маъмурий суд раислари туман марказига кираверишдаги блок постда тўхтатилган ҳамда туман ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан шу ерда халқ олдида обрўсизлантирилган эди. Шунингдек, ҳайдовчилардан бири калтакланиб, вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига қамаб қўйилган.