Тошкент вилояти ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда Чирчиқдаги вилоят юқумли касалликлар шифохонаси тиббиёт ходимларининг ёппасига иш ташлагани ва муассасанинг ёпилгани ҳақидаги хабарларни инкор этди.

Қайд этилишича, муассаса бош шифокори Гулжаҳон Юлдашева вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқуловга расман хат орқали мурожаат қилиб, 11−15 июль кунлари мазкур шифохонада дезинфекция, дератизация, ювиш ва чайиш ишларини олиб боришга рухсат сўраган.

«Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг розилиги асосида, айни пайтда Чирчиқ шаҳридаги вилоят юқумли касалликлар шифохонасида инфекция тарқалишининг олдини олиш мақсадида юқоридаги ишлар амалга оширилмоқда», — дейилади баёнотда.

Вилоят ҳокимлиги, шунингдек, шифохонанинг тиббий ходимларнинг карантин шароитидаги меҳнат фаолиятини баҳолашда, уларни рағбатлаштиришда мавжуд ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилмагани, карантинга олинганлар, коронавирус инфекцияси билан оғриган беморларни даволашда иштироки муносиб баҳоланмаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда эълон қилган баёнотлари бўйича ҳам изоҳ берди.

Таъкидланишича, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси беморларни даволаш билан шуғулланмайди. Тиббиёт ходимлари эса карантинга олинган фуқароларни лаборатор таҳлилларни олиш, инфекция аниқланган беморларни махсус шифохоналарга йўлланма асосида юборишда қатнашганлар.

«Бу ҳолатда улар тўлиқ циклда 14 кун давомида беморларни даволашда иштирок этмагани инобатга олинади ва моддий рағбатлантириш тартиби шу жиҳатга асосан, бевосита беморларни даволашда қатнашган шифокорлар билан бир хил бўлмайди», — дейилади вилоят ҳокимлиги баёнотида.

Айни пайтга қадар вилоятда коронавирус инфекциясига қарши курашда иштирок этаётган шифокорларни моддий рағбатлантиришга жами 15,9 млрд сўм сарфланди. 4829 нафар тиббиёт ходимининг ойлик маошига қўшимча 6 фоиз моддий рағбатлантириш ажратилган. Бу мақсадда жами 9,2 млрд сўм йўналтирилган. Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қатнашган 333 нафар шифокор эса 14 кунлик фаолияти учун жами 6,7 млрд сўм миқдорида моддий рағбатлантирилган.