Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги ҳолат бўйича баёнот билан чиқди.

«Ўзбекистон Республикаси Озарбайжон-Арманистон чегарасида инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келган вазиятдан жиддий ташвишда эканлигини билдиради», — дейилади баёнотда.

«Мазкур ҳудуддаги ҳолатнинг янада кескинлашиши тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишига олиб келиши, МДҲ ҳудудидаги муҳим иқтисодий алоқалар ва коммуникатсияларни бузиши, минтақавий хавфсизликка зарар етказиши мумкин», — дея ҳисоблайди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

«Ўзбекистон томонларнинг ўта сабр-тоқатли бўлиши тарафдори ва ҳолатни барқарорлаштириш ҳамда мазкур вазиятдан чиқиш учун сиёсий-дипломатик музокараларга чақиради», — дея таъкидланади баёнотда.

Шу ўринда, Ташқи ишлар вазирлиги ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирган.

Арманистон ва Озарбайжон чегарасидаги ҳарбий тўқнашув 12 июль куни юзага келиб, Грузия билан чегарадош бўлган ва Тоғли Қорабоғдан бир неча юз километрда жойлашган Товуз ва Тавуш туманларида давом этмоқда, дея хабар берди РИА Новости.

Расмий Боку берган маълумотларга кўра, 11 нафар озарбайжонлик ҳарбийлар ҳалок бўлган, улар орасида генерал ҳам бор. Арманистон томони икки нафар офицернинг ҳалок бўлганлиги ва беш нафарининг яраланганини маълум қилди. Томонлар отишмаларда бир-бирларини айблашмоқда.