Дональд Трамп маъмурияти фақат онлайн-таълим олаётган чет эллик талабаларга АҚШда қолишни тақиқлаш режалардан воз кечди. Бу ҳақда Бостон федерал судьяси маълум қилди, дея хабар берди CNN.

Июль ойи бошида АҚШ иммиграция ва божхона хизмати коронавирус пандемияси сабабли масофавий таълим олиш шаклига ўтган чет эллик талабалар АҚШни тарк этишлари ёки кундузги таълим муассасаларига ўтишлари кераклигини эълон қилишган эди. Қарор мамлакатда F-1 ва М-1 визаларига кўра истиқомат қилаётган талабаларга тегишли эди. CNN маълумотларига кўра, АҚШда бундай талабалар сони бир миллиондан ортиқ.

Гарвард университети ва Массачусетс технология институти, шунингдек 17 штат ва Колумбия округи расмийлари Трамп маъмуриятининг ушбу қарорига жавобан судга мурожаат қилишди.

CNN хабар беришича, Оқ уй ушбу қарорнинг оқибатларини англаб етди ва у чала ўйланган қарор эканлигини тан олди. Энди расмийлар ушбу қоидани ҳозир АҚШда бўлмаган, янги чет эллик талабаларга нисбатан қўллашга эътибор қаратишган.

Округ судьяси Эллисон Берроузнинг айтишича, Оқ уй маъмурияти март ойи сиёсатига қайтади. Бу сиёсат пандемия сабабли онлайн курсларга ўтган талабалар учун мослашувчанликни таъминлади.

Июнь ойининг бошида АҚШ президенти Дональд Трамп йил охиригача чет эллик мутахассислар ва уларнинг оилаларига, шунингдек мавсумий ишчиларга меҳнат визаларини беришни тўхтатишни буюрган эди.