Президент фармонига биноан Акмал Бурҳонов янги ташкил этилган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори лавозимига тайинланди, дея маълум қилди «Газета.uz»га ҳукуматдаги манба.

Тайинловга қадар, Акмал Бурҳонов «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатига раислик қилиб келаётган эди. Шу билан бирга, у Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати (Адолат СДП) ва Парламентнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзосидир.

Манбанинг «Газета.uz»га таъкидлашича, Акмал Бурҳонов «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси лавозимини тарк этади.

Маълумот учун, Акмал Бурҳонов Наманган вилоятида 1981 йили туғилган. 2001 йили Тошкент Давлат юридик институти бакалавриатини ва 2003 йили магистратурасини, 2007 йили Нагоя Давлат университети (Япония) магистратура босқичини тугатган ҳамда 2007 йилдан Нагоя Давлат университети докторанти ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 29 июнь куни президент фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилганди.

Агентлик коррупцияни олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи ҳисобланиб, Агентлик президентга бўйсунади ва Олий Мажлис палаталари олдида ҳисобдор бўлиши кўзда тутилган.

Шунингдек, мазкур Агентликка фармон билан қуйидаги бир қатор ҳуқуқлар берилганди:

  • бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиш;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупция масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий суриштирувлар ўтказиш;
  • ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорларида коррупция белгилари аниқланган ҳолларда уларнинг ижросини тўхтатиш ёки бекор қилиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномаларни киритиш.